Халқ депутатлари “Бухоро вилоятини 2030 йилгача ривожлантириш стратегияси” лойиҳасини кўриб чиқди
2026-07-24 10:25:00 / Янгиликлар

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 16 февралдаги ПФ-21-сон фармони билан «Ўзбекистон — 2030» стратегияси тасдиқланган эди. Ушбу фармоннинг 4-иловасида 2026 йил давомида ишлаб чиқиладиган стратегик режалаштириш ҳужжатлари белгиланган.
Шунга мувофиқ, мамлакатимизнинг барча ҳудудлари қатори, Бухоро вилояти учун ҳам 2030 йилгача бўлган стратегия (“Бухоро – 2030» стратегияси) ишлаб чиқилди. Бу ҳужжат «Ўзбекистон – 2030» стратегиясининг ҳудуддаги давоми бўлиб, унда умуммиллий мақсадлар Бухоро вилоятига хос аниқ кўрсаткичлар ва устувор йўналишлар билан бойитилган.
Вилоятнинг мавжуд салоҳияти, долзарб иқтисодий-ижтимоий масалалар ва келгуси кутилмалар ҳисобга олинган.
Сўнгги йилларда Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилган ишлар натижасида ҳудуд иқтисодиёти таркибий жиҳатдан янгиланди. Бугун Бухоро нафақат туризм, балки саноат, хизматлар ва бизнес жадал ривожланаётган ҳудудга айланди. Инвестициялар ҳажми бир неча баробар ўсиб, саноат зоналари ва замонавий корхоналар ташкил этилди, тадбиркорлик муҳити яхшиланди, аҳоли бандлиги ва даромадлари сезиларли ошди.
2025 йил якуни бўйича вилоят ялпи ҳудудий маҳсулоти 86,6 триллион сўмга етган. Аҳоли жон бошига ялпи ҳудудий маҳсулот 41 миллион сўмдан ошган.
Шу билан бирга, иқлим ўзгариши, сув ресурсларининг чекланганлиги, технологик трансформация жараёнлари ва халқаро бозорлардаги ўзгаришлар янги вазифаларни кун тартибига қўймоқда. Жумладан, Бухоро вилоятида ҳам ҳал қилиниши лозим бўлган қатор тизимли масалалар бор.
Биринчидан, иқтисодий ўсиш суръатлари барча шаҳар ва туманларда бир хил эмас.
Иккинчидан, сув ресурсларининг тобора чекланиб бораётгани қишлоқ хўжалигида экстенсив ўсишдан интенсив ва юқори қўшилган қиймат яратадиган моделга ўтишни тақозо этмоқда.
Учинчидан, Бухоронинг улкан туризм салоҳиятидан ҳали тўлиқ фойдаланилмаяпти. Туристларнинг ўртача қолиш муддати, юқори қийматли хизматлар, рақамли сервислар ва халқаро маркетинг имкониятларини янада кенгайтириш талаб этилади.
Тўртинчидан, саноатда маҳаллийлаштириш даражаси, юқори технологияли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва экспорт таркибини диверсификация қилиш долзарб вазифа бўлиб қолмоқда.
Бешинчидан, рақамли иқтисодиёт, инновациялар, сунъий интеллект, илм-фан ва замонавий хизматлар соҳасини ривожлантириш орқали меҳнат унумдорлигини ошириш зарур.
Олтинчидан, экологик барқарорликни таъминлаш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш, яшил ҳудудларни кенгайтириш ҳамда ресурслардан самарали фойдаланиш келгуси тараққиётнинг муҳим шарти ҳисобланади.
Ҳудуд стратегиясида айнан шу масалаларга тизимли ечим топиш, вилоятнинг мавжуд имкониятларини тўлиқ ишга солиш ва иқтисодиётнинг янги драйверларини шакллантириш назарда тутилган.
«Бухоро – 2030» стратегиясининг бош мақсади — вилоятнинг тарихий, маданий, географик ва иқтисодий устунликларини тўлиқ ишга солган ҳолда уни Марказий Осиёнинг юқори қўшилган қиймат яратувчи саноат, зиёрат ва маданий туризм, замонавий хизматлар, инновациялар ҳамда рақамли иқтисодиёт ривожланган, аҳоли учун муносиб ҳаёт сифати таъминланган рақобатбардош ҳудудга айлантиришдан иборат.
УСТУВОР ЙЎНАЛИШЛАР
Биринчи йўналиш — рақобатбардош иқтисодиёт ва юқори иқтисодий ўсишни таъминлаш
Стратегиянинг биринчи ва энг муҳим вазифаси — Бухоро вилояти иқтисодиётини юқори қўшилган қиймат яратадиган рақобатбардош иқтисодиётга айлантиришдан иборат.
Бунинг учун 2030 йилга қадар ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажмини 13,1 миллиард АҚШ долларига, аҳоли жон бошига ялпи ҳудудий маҳсулотни 5,8 минг АҚШ долларига етказиш вазифаси белгиланган.
Иқтисодий ўсишнинг асосий манбалари сифатида саноат, хизматлар соҳаси, юқори технологияли ишлаб чиқаришлар, рақамли иқтисодиёт ва хусусий инвестициялар белгиланган.
Иқтисодиётда меҳнат унумдорлигини ошириш, яширин иқтисодиётни қисқартириш, расмий бандликни кенгайтириш ва бизнес юритиш учун янада қулай муҳит яратиш устувор вазифалардан бири ҳисобланади.
Иккинчи йўналиш — саноат, инвестициялар ва экспортни янги босқичга олиб чиқиш
Келгуси беш йилда Бухоро вилоятида саноат иқтисодиётнинг асосий ўсиш драйверига айланади.
Бунинг учун газ-кимё, нефть-газ сервислари, қурилиш материаллари, тўқимачилик, озиқ-овқат, фармацевтика, машинасозлик ва кимё саноатида йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилади.
2030 йилга қадар саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 109,9 триллион сўмга, хизматлар ҳажмини эса 133,1 триллион сўмга етказиш назарда тутилган.
Шунингдек, ушбу даврда вилоят иқтисодиётига 17,7 миллиард АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестициялар ва ташқи молиявий ресурсларни жалб қилиш режалаштирилган.
Экспорт таркибида тайёр маҳсулотлар улуши оширилиб, ташқи бозорларда «Made in Bukhara» брендини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилади.
Учинчи йўналиш — Бухорони халқаро зиёрат ва маданий туризм марказига айлантириш
Бухоронинг бой тарихий-маданий мероси, ЮНЕСКО рўйхатига киритилган ноёб обидалари, зиёратгоҳлари ва ҳунармандчилик анъаналари унинг энг катта стратегик устунлигидир.
Шу боис стратегияда туризм иқтисодиётнинг энг муҳим драйверларидан бири сифатида белгиланган.
2030 йилга келиб вилоятга ташриф буюрувчи сайёҳлар сонини 13,5 миллион нафарга, туризм хизматлари экспорт ҳажмини эса 1,7 миллиард АҚШ долларига етказиш вазифаси қўйилган.
Бунинг учун тарихий шаҳар муҳитини асраб-авайлаш, янги меҳмонхоналар, замонавий сервис инфратузилмаси, гастрономик, экологик ва зиёрат туризми йўналишларини кенгайтириш, «24/7 Бухоро» концепциясини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилади.
Тўртинчи йўналиш — инсон капитали ва кучли ижтимоий сиёсат
Стратегиянинг марказида инсон манфаати туради. Мактабгача ва мактаб таълими сифатини ошириш, касб-ҳунар таълими тизимини меҳнат бозори талабларига мослаштириш, олий таълим ва илм-фан интеграциясини кучайтириш асосий вазифалардан бири ҳисобланади.
Соғлиқни сақлаш тизимида рақамли ечимлар кенг жорий этилади, профилактика кучайтирилади, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифати халқаро стандартлар даражасига олиб чиқилади.
Камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва хотин-қизлар ҳамда ёшларни тадбиркорликка жалб қилиш бўйича манзилли дастурлар амалга оширилади.
Стратегиянинг пировард мақсадларидан бири — Бухорони камбағалликдан холи ҳудудга айлантиришдир.
Бешинчи йўналиш — замонавий инфратузилма ва ҳудудларни мутаносиб ривожлантириш
Барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш, энг аввало, замонавий муҳандислик ва транспорт инфратузилмасини ривожлантиришни талаб этади.
Шу боис стратегияда ҳудудларни ривожлантиришнинг мутлақо янги ёндашуви белгиланган.
Бунда ҳар бир шаҳар ва туманнинг иқтисодий ихтисослашуви, табиий ресурслари, транспорт имкониятлари ҳамда меҳнат салоҳиятидан келиб чиққан ҳолда функционал ривожланиш модели жорий этилади.
Автомобиль йўллари, ичимлик суви, канализация, электр ва газ таъминоти, рақамли алоқа ҳамда муҳандислик коммуникациялари босқичма-босқич модернизация қилинади.
Шаҳарсозлик соҳасида аҳоли учун қулай ва хавфсиз яшаш муҳитини таъминлайдиган замонавий ёндашувлар жорий этилиб, янги турар жойлар, ижтимоий объектлар ва муҳандислик инфратузилмаси ягона бош режалар асосида барпо этилади.
Шунингдек, барча шаҳар ва туманларда инвестицияларни жалб қилиш имкониятини кенгайтириш мақсадида муҳандислик инфратузилмаси билан таъминланган янги саноат майдонлари ташкил этилади.
Олтинчи йўналиш — рақамли иқтисодиёт ва инновацион ривожланиш
Келгуси беш йилда рақамли технологиялар иқтисодиётнинг барча тармоқларига кенг жорий этилади.
Барча давлат хизматлари босқичма-босқич рақамлаштирилади, сунъий интеллект элементлари жорий этилади, аҳоли ва тадбиркорлар учун хизмат кўрсатиш жараёнлари тўлиқ электрон шаклга ўтказилади.
Шу билан бирга, вилоятда IT соҳасини ривожлантириш, стартап лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, дастурий маҳсулотлар экспортини кенгайтириш ва рақамли хизматлар бозорини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилади.
2030 йилга келиб IT Park резидентлари сони 169 тага, рақамли хизматлар экспорти эса 85 миллион АҚШ долларига етказилади.
Еттинчи йўналиш — экологик барқарорлик ва ресурслар самарадорлиги
Иқлим ўзгариши шароитида иқтисодий тараққиётни таъминлаш ресурслардан оқилона ва самарали фойдаланиш билан чамбарчас боғлиқ.
Шу сабабли стратегиянинг устувор тамойилларидан бири сифатида ҳар бир сўм инвестиция, ҳар бир гектар ер, ҳар бир куб метр сув ва ҳар бир киловатт-соат энергиянинг иқтисодий самарадорлигини ошириш белгиланган.
Бу мақсадда сув тежовчи технологиялар қамрови кенгайтирилади, қайта тикланувчи энергия манбалари улуши оширилади, чиқиндиларни қайта ишлаш ҳажми кўпайтирилади, яшил ҳудудлар кенгайтирилиб, экологик барқарорликни таъминлашга қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилади.
Экологик хавфсизликни таъминлаш иқтисодий ўсишнинг ажралмас қисми сифатида қаралади.
Саккизинчи йўналиш — ҳар бир ҳудуднинг ички имкониятларини тўлиқ ишга солиш
Стратегиянинг энг муҳим янгиликларидан бири — вилоятни ривожлантиришда ягона ёндашувдан воз кечилиб, функционал ҳудудий ривожланиш модели жорий этилаётганидир.
Бунда Бухоро шаҳри – халқаро зиёрат ва маданий туризм, юқори қўшилган қийматли хизматлар ва креатив иқтисодиёт марказига, Когон шаҳри ва Когон тумани – транспорт-логистика ва саноат хизматлари марказига, Ғиждувон тумани – саноат, ҳунармандчилик ва маҳаллийлаштириш ҳамда чорвачилик марказига, Қоракўл ва Қоровулбозор туманлари – газ-кимё, нефть-газ сервислари ва энергетика марказига, Вобкент, Пешку ва Шофиркон туманлари – сув тежамкор агросаноат ҳудудларига, Олот – чегараолди савдо, логистика марказига, Тўдакўл туристик ҳудуди – замонавий туристик-рекреацион кластерга айлантирилади.
Бу ёндашув ҳар бир ҳудуднинг рақобат устунликларини тўлиқ ишга солиш, инвестициялар самарадорлигини ошириш ва аҳоли бандлигини таъминлашга хизмат қилади.
СТРАТЕГИЯНИНГ БАЖАРИЛИШИ ВА МОНИТОРИНГИ
Стратегия фақат мақсадларни белгилаб берувчи ҳужжат эмас, балки уларга эришишнинг аниқ механизмлари, молиялаштириш манбалари, масъул ижрочилари ва натижадорлик кўрсаткичларини қамраб олган яхлит бошқарув тизимидир.
Стратегияни амалга оширишда «мақсад – вазифа – натижа» тамойили асос қилиб олинган. Ҳар бир стратегик мақсад бўйича таъсир (Impact), ҳар бир устувор вазифа бўйича натижа (Outcome) ҳамда ҳар бир амалий чора-тадбир бўйича бевосита натижа (Output) кўрсаткичлари белгиланган. Шу билан бирга, ҳар бир лойиҳанинг молиялаштириш манбалари, амалга ошириш муддатлари ва масъул ижрочилари аниқ кўрсатилган.
Барча тармоқлар ва ҳудудлар кесимида мақсадли кўрсаткичларнинг бажарилиши ягона рақамли бошқарув платформаси орқали онлайн кузатиб борилади. Бу ҳар бир қарорни аниқ таҳлил, ишончли маълумот ва натижага асосланган ҳолда қабул қилиш имконини беради.
Шу асосда ҳар бир шаҳар ва туман учун уч йиллик комплекс ривожлантириш дастурлари тасдиқланиб, уларнинг ижроси мунтазам мониторинг қилиб борилади.
Стратегияни амалга оширишда давлат маблағлари самарадорлигига алоҳида эътибор қаратилади. Эндиликда ҳар бир сўм, ҳар бир инвестиция лойиҳаси ва ҳар бир давлат дастури қўшимча қиймат яратиш, янги иш ўринлари ташкил қилиш, экспортни кўпайтириш, аҳоли даромадларини ошириш ҳамда камбағалликни қисқартириш каби аниқ KPIлар асосида баҳоланади.
Стратегиянинг бажарилиши халқ депутатлари вилояти Кенгашида муҳокама қилиб борилади, давлат маблағларидан тўғри фойдаланилиши, ҳар бир маҳаллага етиб бориши устидан таъсирчан депутатлик назорати ўрнатилади. 2028 йилда стратегияни оралиқ баҳолаш, 2030 йил охирида эса комплекс якуний баҳолаш ўтказилади.
«Бухоро – 2030» стратегияси — вилоятнинг кейинги тараққиёт босқичини белгилаб берадиган, иқтисодиётнинг мутлақо янги моделини шакллантирадиган, ҳар бир шаҳар ва туманнинг ички имкониятларини тўлиқ ишга соладиган, аҳоли турмуш даражаси ва сифатини юксалтиришга қаратилган муҳим ҳужжатдир.
Сессияда депутатлар “Бухоро вилоятини 2030 йилгача ривожлантириш стратегияси” лойиҳасидаги мақсадли кўрсаткичлар, туман ва маҳаллалар кесимида мўлжалланган ишларга эътибор қаратди. Якунда лойиҳа маъқулланиб, белгиланган тартибда тасдиқлаш учун киритилди.









