Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш масалаларини мувофиқлаштириш бўйича республика комиссияси бухоролик ёшлар муаммоларини ўрганди
2026-07-23 21:35:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси раиси Қаҳрамон Қуронбоев бошчилигида, Президентимиз томонидан белгиланган устувор вазифалар ижросини вилоятда тўла-тўкис таъминлаш ҳамда ёшлар билан ишлашнинг мутлақо янги тизимини самарали жорий этиш мақсадида тузилган Республика ишчи гуруҳи бугун Бухоро давлат университетида ёшлар билан очиқ мулоқотда бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги Бухоро вилоят бошқармаси, Бухоро вилоят ҳокимлиги, Ёшлар ишлари агентлиги Бухоро вилоят бошқармаси ҳамкорлигида ташкил қилинган тадбирда вилоятимиздаги олий таълим муассасалари талаба ёшлари, улар ота-оналари, педагогик жамоа, ҳудуддаги давлат ташкилот, идора ва муассасалари масъул мутасаддилари иштирок этдилар.
Учрашувда сўзга чиққан Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси раиси Қаҳрамон Қуронбоев, Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зариповлар мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсати доирасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, давлат ҳокимияти бошқарув ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари зиммасига юклатилган вазифалар, вилоятдаги 516 та маҳаллада ёшлар билан ишлаш масалаларини мувофиқлаштириш, олий таълим даргоҳлари ёш мутахассислари билан бирга, жорий йилда 22 минг нафар атрофидаги ўрта махсус касб-ҳунар таълими битирувчилари бандлигини таъминлаш, шунингдек, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида атрофлича сўз юритдилар.
Самимий руҳда кечган мулоқот давомида вилоятимиздаги олий таълим муасссалари талаба ёшлари, битирувчилари дуч келаётган ташвиш-муаммолари билан мутасаддиларга юзландилар. Халқ хўжалиги учун тайёрлаб чиқарилаётган ёш мутахассисларнинг мурожаатлари, келгусида танламоқчи бўлган касблари, жумладан, Бухоро давлат университети, унинг ҳузуридаги педагогика институти, Бухоро давлат техника университети, Бухоро давлат тиббиёт институти билан яқин ҳамкорликдаги ташкилот, бирлашма, бошқармалар, корхона ва идоралар, чунончи, халқ таълими, соғлиқни сақлаш муассасаларида мавжуд вакант иш ўринлари, уларга бўлган қизиқиш, талаб ва таклифлар ўрганилди. Ёшларга касб-кор танлашдаги муҳим омиллар ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилиб, келажакда етук мутахассис бўлишлари учун билим ва интилиш энг катта куч экани таъкидланди.
Йиғилишда ёшларга оид давлат сиёсати доирасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, рўй бераётган ўзгариш ва янгиланишлар ҳақида сўз юритилиб, 50 тага яқин мурожаат, муаммо ва таклифлар тингланди. Унда ташаббускор ва фаол ёшлар ўзларининг келажак режалари, уларни қийнаётган ташвиш-муаммолар ҳақида очиқ-ойдин гапирдилар.
—Бухоро давлат университетининг хорижий тиллар филологияси факультетини бакалавриат босқичини тугалладим,—дейди Ғиждувон тумани, Сармижон маҳалласида яшовчи Мафтуна Рўзиева.—Ҳам ишлаб, ҳам таҳсилимни магистратура босқичида давом эттириш ниятидаман. Аммо мен амалиёт ўтаган мактабда ихтисослигим бўйича бўш иш ўрни мавжуд эмаслиги муаммо туғдирмоқда. Шу боисдан, мулоқотда қатнашиб, мурожаатимни баён этдим. Вилоят Халқ таълими бошқармасидан шу масалада менга яқиндан ёрдам ваъда қилишди.
Тадбирда уюшмаган ёшлар вакилларидан чунончи, вобкентлик Оғабек Қурбонов ва ромитанлик Абдулхай Абдуловлар мотокультиватор, Бухоро шаҳридан Жасмина Музаффарова ҳамда Когон шаҳридан Шуҳрат Набиевлар ноутбук билан тақдирландилар.
Учрашувда мамлакатимизда ёшларга қаратилаётган эътибор, хусусан, таълим тизимида яратилаётган имкониятлар, имтиёзлар, замонавий ўқув муассасалари, хорижда таълим олиш дастурлари ҳамда ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган давлат дастурлари ҳақида ҳам атрофлича сўз юритилди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









