Когонда йилига 10 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиш имконига эга хорижий корхона иш бошлади
2024-08-24 11:25:00 / Янгиликлар

Айниқса, хорижлик тадбиркорлар билан ҳамкорликда ташкил этилаётган қўшма корхоналарда маҳаллий хомашёдан сифатли, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Бу ички бозор талабини тўла қондириш билан бирга, ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажмининг ортишига хизмат қилмоқда.
Бугун Когон туманининг “Беклар” аҳоли пунктида иш бошлаган “Liya Tekstile” хорижий корхонаси ҳам нафақат вилоятимиз енгил саноати ривожига ҳисса қўшадиган, балки янги иш ўринлари орқали аҳоли хонадонларига даромад олиб кирадиган йирик субъектга айланди.
Қайд этиш жоизки, бундан икки йил аввал туркиялик ишбилармон Кескин Меҳмед Ширин “Ғиждувон” эркин иқтисодий зонасининг Когон тумани ҳудудида трикотаж матони тўқиш ва бўяш лойиҳасини амалга ошириш ташаббуси билан чиққанди. Ўтган давр мобайнида корхонани ташкил этиш бўйича таъсисчи томонидан 6,4 млн. АҚШ долларга тенг бўлган инвестиция жалб қилинди, бир пайтлар шўрхок ерлардан иборат ҳудудда кўркам иншоот қад ростлади, Туркия ва Хитойдан замонавий техногиялар келтириб ўрнатилди. Шу тариқа йирик саноат ишлаб чиқариш корхонасига асос солинди.
Корхонанинг очилиш маросимида вилоят ҳокими Ботир Зарипов сўзга чиқиб, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга берилаётган эътибор туфайли йирик ишлаб чиқариш мажмуалари шаклланаётганини алоҳида таъкидлади. Бу ўз набатида аҳоли бандлиги ва даромадларини янада оширишда муҳим омил бўлаётганини қайд этди.
Эътироф этилганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда барча соҳа ва тармоқларни тубдан янгилаш ва модернизация қилишга қаратилган кенг миқёсли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Бугун инновацион иқтисодиётни шакллантириш, замонавий саноат, қулай сармоявий муҳитни яратиш, хорижий давлатлар ва етакчи компаниялар билан ҳамкорлик алоқаларини кенгайтиришга алоҳида эътибор берилмоқда.
Хорижий инвестиция иштирокида ташкил этилган масъулияти чекланган жамият шаклидаги мазкур корхона ҳам бу борадаги саъй-ҳаракатларнинг яна бир амалий тасдиғидир.
Корхона йилига 2400 тонна маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга бўлиб, 100 дан ортиқ фуқароларни иш билан таъминлайди. Бундан ташқари, корхона томонидан йилига 10 млн. АҚШ доллардан ортиқроқ маҳсулотларни Европа ва қўшни давлатларга экспорт қилиш режалаштирилган.
Тадбирда сўз олган Кескин Меҳмед Ширин хорижий инвестицияларнинг бутун юртимиз бўйлаб кириб келишига асосий сабаб, бу - Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан яратиб берилган имкониятлар меваси эканлигини таъкидлаб, шу жараёнларда бевосита иштирокчи бўлаётганидан мамнунлигини билдирди.
Рамзий лента қирқилиб, йиғилганлар корхонада яратилган шарт-шароитлар, ишлаб чиқариш қувватларининг имкониятлари билан яқиндан танишдилар.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









