Когон тумани: 25-сонли оилавий поликлиника янгича кўринишда аҳолига хизмат кўрсатмоқда
2026-07-20 19:45:00 / Янгиликлар
“Баҳоуддин Нақшбанд” маҳалла фуқаролар йиғини Когон туманидаги йирик, аҳоли гавжум яшайдиган маҳаллалардан бири ҳисобланади. Айни кунда маҳалладаги 1 минг 78 та оила таркибида 5 мингдан зиёд аҳоли вакили умргузаронлик қилиб келмоқда.

Ҳудудда ўндан зиёд кўча бўлиб, жумладан, 2 та умумтаълим мактаби, 1 та давлат мактабгача таълим ташкилоти, 8 та оилавий болалар боғчаси, қатор корхона ва ташкилот, ўнлаб тадбиркорлик субъекти фаолият кўрсатмоқда.
Айни кунда маҳаллада амалга оширилаётган ободонлаштириш, таъмирлаш-тиклаш ишлари ҳавас қилгулик. Ижтимоий реестрга киритилган фуқароларни ўрганиш, аҳолининг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаб, кредит ва субсидиялар ажратилишида кўмаклашиш, доимий даромад манбаига эга бўлмаган ишсиз аҳолини касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш, бандлигини таъминлаш чоралари кўрилмоқда. Маҳаллада мавжуд инфратузилмани модернизaция қилиш, замонавий муҳандислик-коммуникaция тармоқларини барпо этиш ва мавжудларини реконструкция қилиш борасида муҳим лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Айни кунда ҳудуддаги 25-сонли оилавий поликлиникаси тиббиёт ходимлари Баҳоуддин Нақшбанд маҳалласи ва унинг атрофидаги жами 21 та қишлоқнинг 12 мингдан ортиқ аҳолисига тиббий-профилактик хизмат кўрсатмоқда.
— Ҳашар йўли билан 2004 йилда қуриб фойдаланишга топширилган тиббиёт поликлиникамиз кейинги пайтда таъмирталаб аҳволга келгани боис, сўнгги 3 ойда мукаммал таъмирдан чиқарилиб, талаб даражасидаги замонавий бинога эга бўлдик. Зарур тиббий ускуналар, УЗИ аппарати билан ҳам жиҳозланди, — дейди поликлиниканинг катта тажрибага эга умумий амалиёт шифокори Нодира Рабиева. — Эндиликда муассасада меҳнат қилаётган 6 нафар умумий амалиёт врачи, акушер-гинеколог ва УЗИ врачи ҳамда уларга яқиндан кўмаклашаётган 20 нафар ҳамширага муносиб меҳнат шароити яратилганидан жуда хурсандмиз.
Замонавий қиёфага эга бўлган, муқобил энергия манбаи—қуёш паннели билан таъминланган оилавий поликлиника бугунга келиб ҳудуд аҳолисига беминнат тиббий-профилактик хизмат қилмоқда.
Шунингдек, муассаса тўлиқ “Давлат тиббий хизматлари рақамлаштириш тизими”га уланган бўлиб, саломатлигига бефарқ бўлмаган аҳоли вакиллари оворагарчиликларсиз, тез ва бепул хизматга эга бўлишмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати






