Олот: “Халифа”да саноат корхоналари сони ортмоқда
2024-08-23 15:40:00 / Янгиликлар

Жумладан, туркиялик инвесторлар сармояси асосида ишлаётган "Gulin Melange Tekstil" МЧЖда бугунга келиб 120 дан ортиқ фуқаронинг бандлиги таъминланган. Аҳамиятли жиҳати, йиллик ишлаб чиқариш қуввати 3 минг тонна аралаш толали ип калавани тайёрлаб чиқараётган корхонада ўнлаб маҳаллий оилалар моддий манфаатдорлиги таъминланмоқда.
Шу маҳаллада масъулияти чекланган жамияти шаклидаги "Оlot spinner" корхонаси ҳам фаолият юритиб келмоқда. Айни кунда янгиланиш, бунёдкорлик ишлари ва ишлаб чиқариш қувватини кенгайтириш борасида иш олиб бораётган мазкур корхонада 130 дан ортиқ фуқаро иш билан таъминланган. Бу ишлаб чиқариш субъекти бир йилда 5 миллион квадрат метр ҳажмдаги тўқув ва 3 миллион пагонометр ҳажмдаги йигирув ишларини амалга ошириб келмоқда.
Юқоридаги корхоналарга ёндош яна бир ишлаб чиқариш маскани “Shox Gold Tekstil” МЧЖ фаолияти ҳам кейинги ойларда ривожланиш босқичида. Бугунга келиб мазкур корхона 1 минг 200 пагонометр миқдоридаги бўз мато ишлаб чиқариш қувватига эга. Эришилаётган ютуқларига назар солсак, бу корхона томонидан 2023 йил давомида 230 минг АҚШ доллари миқдоридаги бўз мато маҳсулоти чет элдаги ҳамкор буюртмачиларга экспорт қилинган бўлса, жорий йилда ушбу кўрсаткични икки баробарига орттириш борасида музокаралар олиб борилиб, шунга яраша ишлаб чиқариш қувватлари оширилмоқда. Жамият маъмурияти томонидан яқин кунлар ичида тўқув фабрикасининг ҳам фаолияти йўлга қўйилиши кутилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, Вазирлар Маҳкамасининг “2019-2023 йилларда Бухоро вилоятини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисидаʼʼги қарорига асосан, "Халифа”да 2,4 гектар ер майдонида кичик саноат зонаси ташкил қилинган. Бу саноат зонасида ҳозирда “Shox Gold Tekstil” ва бошқа ишлаб чиқариш корхоналари каби меҳнат жамоаларига эга тадбиркорлик субъектлари сони ошмоқда. Уларда ишлаб чиқариш ва маҳсулот тайёрлаш, хом ашё таъминоти, қолаверса, ички ва ташқи бозорда харидор топишга доир жараён туман мутасаддиларининг эътиборида.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









