Бухоро тумани: Работак маҳалласида янги тиббиёт пункти бунёд этилмоқда
2026-07-18 13:00:00 / Янгиликлар
“Работак” маҳалла тиббиёт пункти ўтган аср етмишинчи йилларида қуриб ишга туширилган бўлиб, 50 қатновга мўлжалланган муассаса бугунга келиб ҳудуддаги қарийб 8 минг аҳолига тиббий-профилактик хизмат кўрсатиб келмоқда. Бироқ сўнгги йилларда тиббиёт пунктининг моддий-техник эскирганлиги, зарур шарт-шароитнинг етишмаслиги бирламчи тиббий хизмат кўрсатиш сифатининг пасайишига олиб келаётганди.

Ижтимоий инфраструктурасига тўхталсак, вилоят марказига яқин маҳаллада айни кунда 2 та умумтаълим мактаби, 1 та давлат ва 5 та давлат – хусусий шерикчиликда ташкил этилган мактабгача таълим муассасалари фаолият юритмоқда. Ҳудуддан ўтган “М-37” автомагистрали бўйида йўл ҳаракатини тартибга солиш мақсадида пиёдалар ер ости ўтиш туннели ҳам қуриб фойдаланишга топширилган.
Маҳаллада бугунга келиб 2 минг 179 та хонадон умргузаронлик қилаётган бўлса, ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида тизимли ишлар йўлга қўйилган бўлиб, айни кунда етмишдан ошиқ хонадон маҳалла ва туман масуъллари томонидан алоҳида назоратга олинган. Саломатлиги билан боғлиқ муаммолари бўлган фуқароларга доимий бепул дори-дармон, ногиронлиги бор фуқароларга махсус воситалар, сайёр тиббий кўриклар ўтказилиб, озиқ-овқат маҳсулотлари бериб борилмоқда.
Аҳолидан тушаётган мурожаатлар ва улар талаб ва истаклари инобатга олиниб, маҳалла тиббиёт пунктини янгидан қуришга қарор қилинди. Шу кунларда бу манзилда бунёдкорлик ишлари жадал тус олган. Бинонинг маънан эскиргани, замонавий тиббий хизмат кўрсатиш учун зарур шарт-шароитнинг етарли эмаслиги янги тиббиёт пунктини барпо этишга сабаб бўлди. Шу боис, маҳалла аҳолисига янада қулай ва сифатли тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида қурилиш бошланган.
Ҳозирда бу манзилдаги ишларни жадаллаштириш, иншоотни белгиланган муддатда ва юқори сифат билан фойдаланишга топшириш, қурилиш жараёнини тўғри ташкил этиш, ишчиларга яратилган меҳнат шароити туман ҳокимлиги кундалик назорати остида.
Мамлакатимиз мустақиллигининг қутлуғ 35 йиллиги байрами кунларида фойдаланишга топширилиши кутилаётган янги тиббиёт пункти работакликлар учун муносиб туҳфадир. Маҳалла аҳолиси замонавий талабларга жавоб берадиган, қулай ва сифатли бирламчи тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятига эга бўлади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









