Когон шаҳри: 1- ва 4-сонли умумий ўрта таълим мактаблари ҳам янги ўқув йилига мукаммал таъмирланмоқда
2026-07-18 11:00:00 / Янгиликлар

Хусусан, шаҳардаги 1- ва 4-сонли умумий ўрта таълим мактабларида янги ўқув йилига кенг кўламли тайёргарлик ишлари, моддий-техник имкониятларни яхшилаш ишлари жадал бормоқда. Ҳар икки мактаб кейинги йилларда таъмирталаб ва мослаштирилган шароитда, икки навбатда фаолият юритиб келаётгани ана шу янгиланишга сабаб бўлди.
Лойиҳа доирасида 1-сонли таълим масканини ободонлаштириш ва мукаммал таъмирлаш ишлари учун қиймати 5 миллиард 600 миллион сўм маблағ ажратилган бўлиб, бунда мактабнинг 315 ўринли ўқув иншооти тўлиқ реконструкция қилинмоқда.
Айни кунда ўқувчилар ўрнини ошириш мақсадида мактабда қўшимча 120 ўринли янги замонавий ўқув биноси барпо этилмоқда. Муҳими, манзилда амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар натижасида мактабнинг умумий қуввати 435 ўринга етказилади ва ўқувчилар учун халқаро стандартларга мос барча зарур шарт-шароитни ҳозирлаш мақсад қилинган. Бу жараёнда тажрибали бинокор Нурали Насимов раҳбарлигидаги "Production drymix" МЧЖ қурувчилари жонбозлик кўрсатмоқдалар.
Худди шундай, шаҳардаги 4-сонли умумтаълим мактабида ҳам мавжуд 540 ўринли ўқув иншоотини мукаммал таъмирлаш билан бирга, унинг ёнидан 300 ўринли янги ва шинам ўқув биносини барпо этишга жиддий киришилган. Лойиҳа амалиёти учун қиймати 13 миллиард 65 миллион сўм маблағ молиялаштирилган бўлиб, айни кунда бу ерда мукаммал таъмирлаш ва қурилиш ишларини "Кумуш пирамида" МЧЖ ва унинг раҳбари Жўрабек Тағоев бошлиқ маҳоратли бинокорлар олиб боришмоқда.
Бундан кўринадики, янги ўқув йилидан бошлаб таълим маскани жами 840 нафар ўғил-қизни ўз бағрига олади ва улар талаб даражасида, замонавий андозадаги мактабда ўқиш имконига эга бўладилар. Муассасаларда бораётган қурилиш жараёни, таъмирлаш ишлари суръати ва сифати, қурилиш материаллари таъминоти, ишчиларга яратилган меҳнат хавфсизлигига доир шарт-шароит, иншоотни ўз вақтида фойдаланишга топшириш туман ҳокимлиги кундалик назорати остида.
Таълим даргоҳини муқобил энергия манбалари, қуёш панеллари ва гидроиситиш мосламалари билан таъминлаш ҳам диққат-эътиборда. Албатта, ҳадемай Когон шаҳрининг кўркам масканларига айланадиган мазкур таълим даргоҳлари янгича қиёфаси ва замонавий андозаси билан ота-оналар ва улар фарзандлари учун муносиб туҳфадир.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









