“Бухоро фахрий ҳунармандлари” МЧЖга қарашли маиший хизмат уйи фойдаланишга топширилди
2024-08-23 11:20:00 / Янгиликлар

Бинобарин, хизмат кўрсатиш йўналишида ортиб бораётган эҳтиёжлар соҳага янгиликлар киритишни ва шу орқали аҳолига қулайлик яратишни тақозо этмоқда.
Галаосиё шаҳри марказида “Бухоро фахрий ҳунармандлари” МЧЖга қарашли маиший хизмат уйининг қайта таъмирдан чиқарилиши ҳам ана шундай саъй-ҳаракатларнинг амалий тасдиғидир.
Мустақиллигимизнинг 33 йиллиги арафасида мазкур бинонинг фойдаланишга топширилиши эса ҳудуд аҳолисига чинакам байрам туҳфаси бўлди.
Тадбирда сўзга чиққанлар ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида хизмат кўрсатиш соҳасининг ҳам ўз ўрни борлигини, юртимизда яратилган имкониятлар ва ҳар томонлама қўллаб-қувватланишлар янги бизнес лойиҳаларга кенг йўл очаётганини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, ушбу замонавий ва кўркам кўринишда қайта бунёд этилган маскан маҳалла аҳлини оғирини енгил қилиш ва аҳолининг турмуш фаровонлигини оширишда муҳим эканини эътироф этиб, марказни қуришда жонбозлик кўрсатган тадбиркор Шерзод Нарзуллаевга миннатдорлик билдирди.
Мазкур марказда эркаклар ва аёллар сартарошхонаси, тикув цехи, миллий ширинликлар, савдо ва хизмат кўрсатиш шахобчалари сингари 10 дан ортиқ хизмат турлари ташкил этилган.
Лойиҳани амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 11 майдаги “Хизматлар соҳасини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан тадбиркорга 400 млн сўм имтиёзли банк кредити ажратиб берилди. Натижада 10 та янги иш ўрни яратилди. Эндиликда марказда 50 нафар фуқаро доимий иш билан банд.









