Қоровулбозор: Маданият маркази янгиланди
2024-08-23 11:10:00 / Янгиликлар

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида 2023 йил 22 декабрь куни ўтказилган республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши давомида юртимизнинг ҳар бир шаҳар ва туманида концерт-томоша зали, кутубхона, кинозал ва турли тўгараклар хоналари мавжуд бўлган маданият марказлари фаолиятини йўлга қўйиш тўғрисида масъуллар зиммасига аниқ вазифалар юкланган эди.
Шу нуқтаи назардан, айни кунда вилоятнинг кенжа тумани Қоровулбозор тумани марказидгиа 45-сон маданият маркази намунали маданият маркази сифатида қайта ташкил этилди.
Таъкидлаш лозимки, 1986 йилда қурилган мазкур иншоот маънан эскириб, моддий-техник имкониятлари ҳам ҳаминқадар ҳолга келиб қолганди. “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси асосида бу ерда “Меъмор комплекс” МЧЖ томонидан таъмирлаш ишлари олиб борилди. Натижада маданият марказида асрлар давомида шаклланган бой маданий меросимиз, юксак маънавиятимизни, халқ анъаналари ва урф-одатларини ҳар томонлама ривожлантириш, халқимизнинг ҳаёт сифати ва даражасини юксалтириш учун зарур барча шарт-шароитлар ҳозирланди. Яна бир эътиборли жиҳати, иншоот томига 25 Квт/соат қувватига эга 50 та қуёш панели ўрнатилди. Бу 50 фоиз электр энергиясини тежаш имконини беради.
Хусусан, бунда кутубхона, маънавият хонаси, шунингдек, тасвирий санъат ва рассомчилик, ашула, доира, рақс ва бахшичилик тўгараклари, замонавий овоз ёзиш студияси ташкил қилинган. Шунингдек, “Сардоба” ашула рақс ансамбили ва “Саҳро саболари” фольклор этнографик жамоасининг ижодий фаолияти учун ҳам қулайликлар яратилди. Янгиланган 350 ўринлик томошалар залида эса маданий-маърифий тадбирлар, концерт дастурлари ва театрлаштирилган томошалар кўрсатиш сифатини ошириш имконияти мавжуд. Таъмирлаш ишларига қарийб 400 млн маблағ сарфланди.
Эндиликда янги ташкил этилган ушбу марказда мунтазам равишда халқ ижодиёти ва томоша санъати, кўрик-танловлар ва фестиваллар ўтказилади, иқтидорли ёшларни аниқлаш, рағбатлантириш ва ютуқларини тарғиб қилиш ишлари олиб борилади.
Вилоятимизда мамлакатимиз мустақиллигининг 33 йиллиги муносабати билан ўтказилаётган “Маънавият фестивали” доирасида маданият марказининг очилиш маросими ташкил этилди.
Унда Ўзбекистон халқ артистлари Теша Мўминов ва Мансур Тошматов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси бўлим бошлиғи, шоира Фароғат Худойқулова, театр ва кино актёри Собир Отажонов, Ўзбекистон давлат филармонияси хонандаси Сардор Бекмуродов, туман ҳокимлиги масъуллари, маданият ходимлари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.
Тадбирда сўз олганлар маданият маркази ҳудуд аҳолисининг нафақат маданий ҳордиқ чиқариши, балки ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишга хизмат қилишини алоҳида таъкидлашди.
Шундан сўнг, рамзий лента қирқилиб, тантанада йиғилганлар маданият маркази фаолияти, унда яратилган шарт-шароит билан яқиндан танишдилар.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









