Вобкент: Мирвошида қиймати 21 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари қизғин паллада
2026-07-17 21:50:00 / Янгиликлар

Бу эзгу ўзгаришларнинг ҳуқуқий асоси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 18 сентябрдаги ПҚ–5246-сонли “Ислом тараққиёт банки ва ОПЕК халқаро тараққиёт жамғармаси иштирокида “Қишлоқ жойларни барқарор ривожлантириш” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори дастуриламал вазифасини ўтамоқда.
Мазкур қарор асосида амалга оширилаётган “Қишлоқ жойларни барқарор ривожлантириш” лойиҳаси доирасида Мирвоши маҳалласида умумий қиймати 21 миллиард 216 миллион сўмлик йирик қурилиш-таъмирлаш ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда.
Бу қаторда ичимлик суви таъминотини яхшилаш мақсадида қиймати 9 миллиард 544 миллион сўм маблағ эвазига “Ғиждувон Зарангари қурилиш” МЧЖ томонидан 4 минг метр ичимлик суви тармоғи тортилмоқда.
Электр таъминотини яхшилаш учун 1 миллиард 542 миллион сўм маблағ ҳисобидан “Шоҳруҳбек Ҳалимбек қурилиш” МЧЖ томонидан 2 та трансформатор пункти ўрнатилиб, 9,2 минг метр масофада электр узатиш тармоғи барпо этилмоқда.
Худди шундай, ички йўлларни таъмирлаш мақсадида 4 миллиард 335 миллион сўм маблағ ажратилиб, маҳалладаги ички йўлнинг 7,5 минг метр қисмига асфальт қопламаси бостирилмоқда.
Муҳандислик-коммуникaция тармоқлари билан бирга, ҳудуддаги ижтимоий соҳа иншоотлари, жумладан, 35-сонли умумтаълим мактаби биносини мукаммал таъмирлаш мақсадида 3 миллиард 878 миллион сўм маблағ йўналтирилган. Бу манзилда сўнгги икки ойда пудратчи “Fast quality building” МЧЖ томонидан кенг кўламдаги қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилган.
Кейинги янгиланиш манзили Мирвошидаги оилавий шифокорлик пункти бўлиб, уни моддий-техник янгиланишида 1 миллиард 917 миллион сўм маблағ сарфланган. Бунда пудратчи субъект “Шавкат Шокир савдо” МЧЖ ишчи-мутахассисларир жонбозлик кўрсатмоқдалар.
Хулоса шуки, бугун чекка маҳаллада бунёдкорликнинг ҳар бир қадами, янгиланаётган инфратузилма ва маъмурий иншоотлар, равон йўл, сифатли ичимлик суви тармоғи, барқарор электр таъминоти, таълим ва тиббиёт муассасаларидаги ўзгаришлар юрт ободлиги, турмуш фаровонлигининг амалий намунаси десак, муболаға эмас.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









