Олот: Мастер режа асосида “Соҳил бўйи”—янги дам олиш маскани фойдаланишга тайёр
2026-07-17 18:30:00 / Янгиликлар
“Соҳил бўйи”—бу лойиҳа тумандан оқиб ўтувчи “Аму-Қоракўл” канали бўйлаб 485 метр масофани ташкил этмоқда. Умумий қиймати 8 миллард 510 миллион сўмни ташкил этувчи мазкур йирик бунёдкорлик ишлари доирасида замонавий архитектура ечимларига эга бўлган кўнгилочар масканлар, оилавий дам олиш ҳудудлари, сайр йўлаклари, хизмат кўрсатиш шохобчалари, кичик савдо нуқталари, болалар учун ўйин майдончалари ҳамда ёшлар учун спорт ва фаол дам олиш жойлари ташкил этилмоқда.

Лойиҳа доирасида канал ўзани бетонлаштирилди, пиёдалар йўлаклари барпо этилди, замонавий бесеткалар ўрнатилди, канал атрофи махсус ҳимоя тўсиқлари билан жиҳозланди. Шунингдек, ҳудуднинг янада кўркам ва жозибадор қиёфасини таъминлаш мақсадида декоратив ёритиш чироқлари ўрнатилди, болалар учун замонавий ўйин майдончалари ташкил этилди, оилавий дам олиш учун барча зарур шарт-шароит яратилди.
Эзгу ташаббусларнинг ёрқин намунаси сифатида “Соҳил бўйи” кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари учун янги имкониятлар майдонига айланмоқда. Янги хизмат турлари, янги иш ўринлари, янги даромад манбалари пайдо бўлиб, аҳоли бандлигини таъминлаш, маҳаллий иқтисодий фаолликни ошириш, ички туризмни ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
– Халифа маҳалласида амалга оширилаётган ушбу лойиҳа доирасида 15 дан ортиқ тадбиркорлик субъекти ўз фаолиятини бошлайди, 50 дан зиёд янги иш ўринлари яратилади, – дейди маҳалланинг тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчиси Фирдавс Бешимов. – Бу эса маҳалла аҳолисининг даромад манбаларини кенгайтириш, ёшларни иш билан таъминлаш, ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлаш ва аҳоли турмуш фаровонлигини оширишда муҳим омилга айланади.
Бу маскан келажакда нафақат аҳолининг ҳордиқ чиқариш жойи, балки маданий-маърифий тадбирлар ўтказиладиган, оилавий сайллар ташкил этиладиган, туман жамоат ҳаётининг фаол марказларидан бирига айланиши кутилмоқда. Замонавий инфратузилма, обод ва шинам муҳит ушбу масканнинг жозибадорлигини янада ошириб, аҳолининг мазмунли ҳордиқ чиқариши учун кенг имконият яратмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати








