Қоровулбозор: ўрмон-овчилик хўжалигида ҳайвонот дунёсини асраш чоралари кўрилмоқда
2026-07-17 11:45:00 / Янгиликлар
Сўнгги кунларда кузатилаётган аномал иссиқ ҳаво оқими воҳамиздаги ёввойи табиат жониворлари учун ҳам жиддий синов бўлмоқда. Шу боис, Қоровулбозор давлат ўрмон-овчилик хўжалигида ҳам ёввойи ҳайвонларни жазирама таъсиридан муҳофаза қилишга қаратилган биотехник тадбирлар амалга оширилмоқда.

Чўл бағрида фаолият бошлаганига 30 йилдан ошган Қоровулбозор давлат ўрмон-овчилик хўжалиги томонидан ҳозирда 3 минг гектардан ошиқ ер майдонида элликка яқин ишчи-мутахассис меҳнати ва жонбозлиги билан турли-туман манзарали дарахт ва бута кўчатлари кўпайтирилмоқда.
Хўжаликда ҳар йили 2 миллион тупдан ортиқ кўчат тайёрланаётган бўлиб, вилоятимиз бўйлаб буюртмачи хўжаликларига пешма-пеш етказиб берилмоқда. Айниқса, қайрағоч, садақайрағоч, кулён, сасна, катальпа, межавельник, тут ва ясин кўчатларига талаб юқори бўлмоқда.
Қолаверса, давлат ўрмон-овчилик хўжалигида кўчатчилик билан бирга кейинги йилларда чорвачилик, паррандачилик ва асаларичилик тармоқлари ҳам ривожлантирилмоқда.
Экоҳудуд ва овчиликни ривожлантириш департаменти давлат муассасасига қарашли Қоровулбозор давлат ўрмон-овчилик хўжалигининг 3 минг гектар ҳудудида ёввойи ҳайвонларнинг яшаш шароитини яхшилаш ва уларни сув билан узлуксиз таъминлаш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда. Хусусан, ҳудудда махсус сув идишлари ўрнатилиб, ёввойи ҳайвонлар мунтазам фойдаланадиган сув манбалари қайта сув билан таъминланмоқда. Бу эса жазирама кунларда ҳайвонларнинг чанқовини қондириш, улар яхлитлигини сақлаш, табиий яшаш муҳитини қўллаб-қувватлашга хизмат қилмоқда.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, бундай биотехник тадбирлар ёзнинг кескин иссиқ даврида ёввойи фауна вакилларини муҳофаза қилиш, биологик хилма-хилликни асраш ҳамда табиатдаги экологик мувозанатни сақлашда муҳим аҳамият касб этади.
Табиатни асраш—ҳар биримизнинг бурчимиз. Зеро, ёввойи ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш келажак авлод учун соғлом ва барқарор экологик муҳитни сақлашнинг муҳим шартидир.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати






