Қўмондонлик-штаб ўқув машғулотлари якунланди
2024-08-22 15:50:00 / Янгиликлар

Бугун вилоят ҳокимлигида бошқарув органлари ва ФВДТ хизматлари иштирокида қўмондонлик-штаб ўқув машқи якунлари бўйича ҳисобот йиғилиши ўтказилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазири А.Қўлдошев, вилоят ҳокими-фуқаро муҳофазаси бошлиғи Б.Зарипов, сектор раҳбарлари қатнашдилар.
Танқидий руҳда ўтган йиғилишда қўмондонлик-штаб ўқув машқи якунлари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазири А.Қўлдошевнинг маърузаси тингланди.
Қайд этилганидек, ўтган 2023 йилнинг 10-11 август кунлари Президентимизнинг Бухоро вилоятига ташрифи доирасида қўмондонлик-штаб ўқув машқларни ўтказиш юзасидан берилган топшириқларга асосан, биринчи бор Бухоро вилояти ҳудудида жойлашган энергетика, коммунал, ижтимоий соҳа объектларининг куз-қиш мавсумида барқарор ишлашини таъминлаш, аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларига энергия ресурсларини узлуксиз етказиб беришда содир бўлиши мумкин бўлган фавқулодда вазият ва йирик аварияларни олдини олиш ҳамда бундай вазиятларда кам талофатлар билан бартараф этишда ҳамкор ташкилотларнинг ҳаракатлари ўрганилиб, баҳоланди. Бу тажриба республиканинг барча ҳудудларига жорий этилди.
21-22 кунлари вилоятнинг электр таъминоти йўналишидаги – электр энергиясини ишлаб чиқариш (қуёш ва шамол электр станциялари) ва узатиш (миллий электр тармоқлари), истеъмолчига тарқатиш (ҳудудий электр тармоқлари), газ таъминоти йўналишида – газни қазиб олиш, уни қайта ишлаш, ва истеъмолчиларга тарқатиш (ҳудудгазтаъминоти), иссиқлик таъминоти йўналишида – ишлаб чиқариш (иссиқлик марказлари), иссиқликни етказиш ва тарқатиш (уй-жой мулкдорлар ширкати), ичимлик суви таъминоти йўналишида – ишлаб чиқариш (тозалаш иншоотлари), ичимлик сувини етказиш ва тарқатиш (сув таъминоти хизмати), кўмир таъминоти йўналишида – етказиш, сақлаш (омборхоналар), тарқатиш (омборлар, маҳаллалар) объектларида Қўмондонлик – штаб ўқув машқлари ўтказилди.
Ўтказилган Қўмондонлик-штаб ўқув машқининг якунлари бўйича ФВДТ, уларнинг масъул ходимлари ўз хизмат вазифаларини билишлари, уни расмийлаштирилганлиги ва тақсимлаштирилганлиги ўрганиб чиқилиши лозимлиги, кўп қаватли уйлар, квартираларига уйма-уй юриб фуқароларнинг газ, электр асбоб-анжомларини тафтишдаш ўтказиш, носозларини қизил рўйхатга киритиб, ҳал этиш чораларини кўриш зарурлиги таъкидланди.
Йиғилишда қўмондонлик-штаб ўқув машғулотлари давомида ўтказилган амалий тадбирлар ҳамда махсус-тактик ўқув машқларида йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан вазифалар белгиланди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









