Бухорода заргарлик маркази ташкил этилади
2024-08-22 14:50:00 / Янгиликлар

Шунингдек, Президентимизнинг жорий йил 23 июль куни қабул қилинган “Заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш соҳасини янада ривожлантириш ва унинг рақобатбардошлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига асосан 2024-2026 йилларда “Ўзмиллийбанк” АЖ иштирокида Бухоро ва Наманган вилоятларида биттадан ҳамда Тошкент шаҳрида иккита заргарлик марказларини ташкил этиш белгиланган.
Шунга кўра, ривожланган, экспортёр заргарлик саноати корхоналарини Бухорога жалб этиш, инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан самарадор тажриба алмашишни жорий этиш бўйича амалий саъй-ҳаракатларга киришилди. Бу борада Туркия компаниялари билан фаол мулоқот олиб борилмоқда.
Хусусан, бугун, 22 август куни вилоят ҳокими Ботир Зариповнинг Туркиянинг етакчи заргарлик ишлаб чиқарувчиларидан бири ҳисобланган “Pala Golden” саноат корхонаси раҳбари Ufuk Pala ва “Ўзбекзаргарсаноати" уюшмаси раиси Шохрух Тўйчибоев, шунингдек, тегишли ҳоким ўринбосарлари, бошқармалар ва тижорат банки раҳбарлари иштирокида кечган учрашувда ҳам айни шу масалалар муҳокамалар марказида бўлди.
Ufuk Pala ўзининг Бухорода амалга ошириш истагидаги лойиҳаси мазмун-моҳияти ҳақида батафсил тўхталди. Заргарлик марказини ташкил этиш учун ажратилаётган бинонинг аҳоли ва туристик оқим юқори бўлган ҳудудда жойлашганлигини эътироф этди ва бу борадаги ишларни жадаллаштириш таклифини билдирди.
Ўз навбатида вилоят раҳбари Ufuk Palaга лойиҳага хайрихоҳлиги учун миннатдорлик билдириб, заргарлик маркази ташкил этиш билан боғлиқ барча ташаббусларни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини алоҳида таъкидлади.
Мулоқот давомида бу борада истиқболда амалда ошириладиган ишлар юзасидан келишиб олинди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати








