Вобкент: найманликлар учун зарур инфратузилма яратилиб, турмуш даражаси яхшиланмоқда
2026-07-16 13:55:00 / Янгиликлар

Жумладан, ҳудуд аҳолиси учун зарур ичимлик суви таъминоти тубдан яхшиланди. Маҳаллада 2,3 минг метр янги ичимлик суви тармоғи тортилиб, бунинг учун 231 миллион сўм маблағ йўналтирилди. Натижада бугунга келиб маҳалла аҳолиси тўлиқ сифатли ичимлик суви билан таъминланди.
Ҳудудда электр энергияси таъминотидаги нуқсон ва камчиликлар бартараф этилгани кўпларни мамнун қилмоқда. Лойиҳага ажратилган 993 миллион сўм маблағ эвазига 3 та янги электр трансформатор пункти ўрнатилгани, 8,4 минг метр масофада электр узатиш тармоғи янгидан тортилгани, замонавий бетон устунлар ўрнатилиб, электр таъминотининг барқарорлиги сезиларли даражада оширилгани фикримиз далили.
Найманда таълим соҳасида ҳам қатор янгиланишлар амалга оширилмоқда. Маҳалладаги 28-сонли умумтаълим мактабини мукаммал таъмирлаш учун қиймати 6 миллиард 160 миллион сўм маблағ йўналтирилган. Таълим масканида замонавий иситиш тармоғи шай қилиниб, 2 та спорт зали, уни ёнидан фаоллар зали, уч қаватли ўқув биноси мукаммал таъмирдан чиқарилиб, синф хоналари замонавий кўринишга келтирилди.
Шунингдек, иншоотни муқобил энергия манбалари, қуёш панеллари, шунингдек, гелиоколлекторлар билан таъминлаш чоралари кўрилмоқда. Эскирган эшик-деразалар ва бино томию поли ҳам янгиланиб, ўқувчилар учун қулай таълим муҳити яратилмоқда.
Маҳалладаги ўтган аср етмишинчи йилларида қурилган 10-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти ўрнида 120 ўринли, уч қаватли, ёруғ ва замонавий янги бино қад ростлагани айниқса, ота-оналарни хурсанд қилди. Муассаса талаб даражасида бунёд этилиб, жажжи тарбияланувчилар учун муносиб шарт-шароит яратилмоқда.
Қолаверса, ҳудудда 3 мингга яқин аҳолига тиббий хизмат кўрсатувчи оилавий шифокорлик пункти ҳам янгича қиёфа касб этди. Муассасага қўшимча бино қурилиб, замонавий тиббий хоналар ташкил этилди. Бино энергия тежамкор воситалар, иссиқликни сақловчи том қопламаси, қуёш панеллари асосидаги ёритиш тизими ҳамда янги мебел ва жиҳозлар билан таъминланиб, фойдаланишга топширилмоқда.
Бир сўз билан айтганда, Найман маҳалласида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари "Инсон қадри учун, инсон бахти учун" тамойилининг амалий ифодасидир. Маҳалла аҳолиси замонавий инфратузилма, сифатли коммунал хизматлар, қулай таълим ва тиббиёт масканлари туфайли ўзгариш ва янгиланишларни ўз кундалик ҳаётида яққол ҳис этмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









