Бухоро тумани: “Бир контур – бир маҳсулот” тамойилига кўра "Работипоён"да брокколи карами етиштирилмоқда
2024-08-22 11:35:00 / Янгиликлар

Кейинги йилларда мамлакатимиз деҳқон миришкорлари ҳам ушбу ноёб карам турини маҳаллий иқлим шароитида етиштиришнинг уддасидан чиқишмоқда. Жумладан, “Агробанк” Бухоро тумани филиали ташаббуси билан “Работипоён” маҳалла фуқаролар йиғинида “Бир контур – бир маҳсулот” тамойили асосида 20 нафар фуқарога тарқатиб берилган 10 гектар майдонда тажриба асосида брокколи карами экиб етиштирилмоқда.
— "Работипоён"лик Бекзод, Баҳодир ва Бобир Саломовлар, Достон Тўлаев, Ойбек Паноев, Қаҳрамон Собиров, Ирода Бақоева, Феруза Ҳусенова, шунингдек, Матлуба, Насиба, Фазлиддин, Фурқат, Фозилжон Нажмиддиновларнинг ҳар бири бугунга келиб 40-50 сотихдан ер майдонига эга бўлиб, деҳқончиликни бошлаб юборишган, — дейди “Агробанк”нинг туман филиали раҳбари Уйғун Нуруллаев. — Айни кунда бу ишда буюртмачи агрегатор, яъни ҳудуддаги лидер тадбиркорлардан бири “Choriyeva Nigina Qahramonovna” зиммасига томорқа эгаларига зарур уруғлик, ниҳол кўчатлари, минерал ўғит етказиб бериш масъулияти юкланган.
Бугун бошланган саъй-ҳаракатнинг моддий манфаатдорлик жиҳати шундаки, томорқачи ёшлар аҳолини арзон ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш ва уларни даромадини ошириш мақсадида ташаббус кўрсатиб, 70 кунлик меҳнатдан сўнг баракали ҳосил етиштириш ва ҳар гектаридан 100 миллион сўмга етказиб даромад олиш имконига эга бўладилар.
Ушбу карам тури экспортбоп маҳсулот бўлиб, ички ва ташқи бозорда харидоргир ҳисобланади. Брокколи карами турли хил салатлар, суюқ таомлар, гарнирлар тайёрлаш учун фойдаланилади. Уни маринадлаш, музлатиш ва консервалаш мумкин. У анча енгил ҳазм бўлиш хусусиятига эга. Работипоёнлик томорқа эгалари бу ерда кеч кузга бориб карам маҳсулотини йиғиб саранжомлаб олиб, эрта баҳордан яна ер тайёрлаб, сабзи экишни мўлжаллашмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати






