Бухоро тумани: "O‘lmas gold" МЧЖ томонидан замонавий энотуризм маркази барпо этилмоқда
2026-07-15 20:20:00 / Янгиликлар

Шу кунларда “Саховат” маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам пудратчи субъект "Buxoro agro star" ҳамда "Gala River" масъулияти чекланган жамиятлари негизида ташкил этилган "O‘lmas gold" МЧЖ томонидан замонавий энотуризм марказини барпо этиш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Мазкур лойиҳа ҳудуд туризм салоҳиятини янада ошириш, узумчилик ва мева-сабзавотларни қайта ишлаш саноатини ривожлантириш, шунингдек, маҳаллий ва хорижий сайёҳлар оқимини кўпайтиришга хизмат қилади.
Лойиҳа доирасида йилига 30 минг нафаргача маҳаллий ва хорижий сайёҳларга хизмат кўрсатиш қувватига эга энотуризм маркази ташкил этилади. Шунингдек, қуввати 20 минг дона пластмасса қути ишлаб чиқариш цехи, йилига 5 минг тонна мева-сабзавот маҳсулотидан табиий усулда шарбат ишлаб чиқариш цехи, қолаверса, сиғими 450 тонна миқдоридаги совуткич омборини барпо этилиши кўзда тутилган.
Бундан ташқари, мажмуага олиб борувчи 2 минг метр масофадаги йўлнинг икки чети бўйлаб "Войиш" усулида узумзор-токзор барпо этиш режалаштирилган. Бу эса нафаqат ҳудуднинг эстетик қиёфасини янада яхшилайди, балки агро ва энотуризм йўналишларини ривожлантиришга хизмат қилади.
Шу билан бирга, тумандаги фермер ва деҳқон хўжаликлари ҳамда томорқа эгаларини сифатли техника хизматлари ва арзон кимёвий ўғитлар билан таъминлаш мақсадида “Саховат” маҳалла фуқаролар йиғинида техника хизматлари маркази ва кимёвий ўғит омборини ташкил этиш ҳам жадал давом эттирилмоқда.
Мазкур лойиҳа доирасида "Gala River" МЧЖ тасарруфидаги фойдаланилмаётган омборхона "Buxoro agro star" МЧЖ тасарруфига ноль қийматда ижарага берилган. Айни пайтда бино негизида замонавий хизмат кўрсатиш марказини ташкил этиш бўйича қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Бинонинг айни пайтда ташқи қисмини таъмирлаш ишлари изчил давом эттирилмоqда.
Келгусида ушбу марказ орқали фермер ва деҳqон хўжаликларига замонавий техника хизматларини арзон нархларда кўрсатиш йўлга қўйилади. Шу мақсадда “Ловол” русумли “Ф-4100” ва “АРБОС-504” русумли замонавий трактор агрегатлари, шунингдек, агротехник тадбирларни сифатли амалга ошириш учун роторли ўриш техникаси, ерга ишлов бериш фрезаси агрегатлари харид қилингани айни муддао. Мазкур лойиҳаларнинг амалга оширилиши Бухоро туманини туризм ва агросаноат салоҳиятини янада ошириш, замонавий инфратузилмани ривожлантириш, янги иш ўринларини яратишда, аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамиятга эга.
Вилоят hокимлиги матбуот хизмати









