Ромитан: "Энди иш излаб чет элга бормайман..."
2026-07-15 15:30:00 / Янгиликлар
Мусофирликни ихтиёр этган юртдошларимизга ҳеч қачон осон бўлмаган. Зиммадаги мажбурият, тирикчилик ташвиши билан хорижга иш қидириб бориб, кўп қийинчилик кўрган меҳнат мигрантлари ортда қолган оилалари, фарзандларини ўйлаб, соғинч азобида кун кўришлари, ўзлари бир аҳволда бўлсаларда, мисқоллаб йиғиб тўплаганларини яқинларига юбориб, ташвиш-муаммоларига ечим излашлари ҳам ҳеч кимга сир эмас.

Пахтаой Комилова Ромитан тумани, Навбаҳор маҳалласида яшайди. Турмуш ўртоғи билан бир неча йил Россия томонларда юриб, ҳалол-покиза меҳнат қилиб, рўзғорини тебратган. Қишлоқда қолган икки норасида фарзанди эса кекса қайнонаси парваришида қолганидан ўкинган пайтлари кўп бўлган.
Навбаҳор маҳалласи хотин-қизлар фаоли Зулфия Жумаева бир неча бор бу хонадонда бўлиб, Пахтаой Комилованинг фарзандлари аҳволидан хабар олган. Охир-оқибатда Пахтаой билан қўнғироқлашиб, уйга қайтишини, шу ерда, фарзандлари ёнида бўлиб, эмин-эркин ишлаб, рўзғор тебратиши мумкинлигини уқтириб, ниҳоят унинг розилигига ҳам эришган.
Ярим йил олдин хориждан қайтган Пахтаой Комиловага маҳалла кўмагида субсидия асосида тикув машинаси олиб берилгани тиниб-тинчимас хонадон соҳибаси учун зўр имконият бўлди. Чеварликдан яхшигина хабардор аёл кўп ўтмай ўз тикув цехини очди. Аввало тикиш-бичишга қизиққан икки қизни ёнига шогирдликка олди.
Дейлик, маҳаллада миллий, таъзиядорлар учун либослар керак бўлса, аҳоли туман марказига, бозор-ўчарга чиқишга мажбур эди. Аҳоли талабларини ўрганган Пахтаой улар учун қулайлик яратди. Ҳозир тикув цехида буюртмалар кўплигидан бунда яна бир нечта қўл кучи, шогирдларга эҳтиёж бор. Буюртмалар ҳисобидан айни кунда даромадга эришилмоқда. Бир ойда 10 миллион сўмдан ошиқ қийматда моддий манфаатдорликка эришилмоқда.
Энг муҳими, Пахтаой Комилова бугун ўз маҳалласида ҳам бемалол ишлаб, касб маҳоратини намойиш этиши мумкинлигини тушунди. Фарзандлари бағрида, улар тарбияси билан ўзи машғул. “Энди овора бўлиб, узоқ ўлкаларга иш қидириб боришимизга ҳожат қолмади”,—дейди чевар аёл самимий табассум ва шукроналик билан.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати






