Қоровулбозор: чўлқуварлар заминида ҳар қатра “оби ҳаёт”нинг қадр-қиймати беқиёс
2026-07-15 15:20:00 / Янгиликлар

Таассуфки, кўпчилик Қоровулбозор экин ерларига сув қандай етиб келиши ҳақида батафсил маълумотга, тасаввурга эга эмас. Гап шундаки, олис жанубий туман табиий равишда сув оқиб келадиган ҳудуд эмас. Сув “Аму–Бухоро” магистрал каналидан олиниб, “Дўстлик” ва “Қоровулбозор” насос станциялари ёрдамида ўнлаб метр баландликка кўтарилади. Шундан сўнг у суғориш тармоқлари орқали далалар, томорқалар ва маҳаллалардаги экин ерларига етказилади.
1979 йилда ишга туширилган “Дўстлик” насос станцияси сониясига 20 куб метр сувни қарийб 70 метр баландликка кўтаради. 1997 йилдан буён фаолият юритаётган “Қоровулбозор” насос станцияси эса сониясига 22 куб метр сувни 60 метр баландликка чиқариб узатиш қувватига эга. Шу боис, тумандаги сув иншоотлари, хўжаликлараро ички суғориш тармоқларини таъмирлаш, сув танқис ҳудудларда суғориш тармоғини яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бугунга келиб чўлқуварлар заминида умумий узунлиги 486 километрга тенг ички суғориш тармоғи мавжуд бўлиб, қишки мавсумда гидроиншоот ўзанидан 10 минг метр қисми бетонлаштирилган. Умумий ҳисобда хўжаликлараро бетон қопламали канал узунлиги 66 километрни ташкил этмоқда. Бундан ташқари, туманда 517 километр зовурлар мавжуд бўлиб, жорий деҳқончилик йилида мўл ҳосил етиштириш мақсадида қишки мавсумда зовурлар ўзани махсус техникалар ёрдамида тозаланган.
Бир қарашда оддий туюладиган бу жараён аслида туманнинг ҳаёт томиридир. Айнан шу иншоотлар туфайли минглаб гектар экин майдонлари суғорилади, томорқаларда ҳосил етиштирилади, боғ ва хиёбонлар яшнаб туради. Элимиз ризқ-рўз манбаи—сара буғдой етиштиришда туман деҳқонлари пешқадамлар сафида экани сир эмас. Биргина жорий йил деҳқончилик мавсумида ҳудуддаги 171 та фермер хўжалиги томонидан 5 минг 926 гектар ер майдонида серҳосил буғдой навларига мансуб баракали ҳосил, яъни давлат қабул омборида 17 минг тоннадан орттириб бошоқли дон хирмони бунёд қилингани катта муваффақият, албатта.
Экин ерларини кенгайтириб, аҳоли дастурхони тўкинлиги хусусида гап борганда, айни пайтда олис чўлқуварлар ҳудудидаги фермер ҳамда деҳқон хўжаликларининг жами 235 гектар ерида сабзавот, 91 гектар экин майдонида полиз маҳсулотлари етиштирилаётгани эътиборга молик.
Биргина жорий йил эрта баҳоридан ҳудуддаги умумий 170 гектардан ортиқ ерда картошка экиб етиштирилиб, бундан айни ёз фасли пишиқчилик мавсумида 4 минг тоннага етказиб сабзавот маҳсулоти олинаётгани юқоридаги фикримиз далили.
Ёки туман марказидан 25 километр узоқлиқдаги “Жарқоқ” маҳалла фуқаролар йиғинида “Бир контур — бир маҳсулот” тамойили асосида 40 тага яқин деҳқон хўжалиги томонидан ҳар йили эрта баҳордан плёнка остида қовун ва тарвуз кўчатлари ўтқазилиб, парваришга киришилади. Шу кунларда туман миқёсида 300 гектардан ошиқ ерда қовун-тарвузнинг серҳосил навларидан етиштирилиб, аллақачон полиз маҳсулотлари аҳоли дастурхонига етказиб берилмоқда. Негаки, чўлқуварлар заминида қовун-тарвуз ўзининг тезпишарлиги, таъми-мазаси, ҳосилдорлиги билан ажралиб туради.
Хулоса қилиб айтганда, қоровулбозорликлар экин ерида ҳар бир томчи сув ортида катта меҳнат ва масъулият мужассам. Бу бебаҳо неъматнинг қадрига етиш, ундан оқилона ва тежамкор фойдаланиш фермер, деҳқон хўжаликлари билан бирга томорқа ер эгалари, барчанинг умумий бурчидир. Зеро, қадрланган неъмат бугунги фаровонлик ва эртанги бараканинг мустаҳкам пойдеворидир.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати








