Бухорода ҳарбий хизматчиларга янги уйлар топширилди
2024-08-21 15:25:00 / Янгиликлар

Бухоро шаҳрининг Амир Темур мавзесида ҳарбий хизматчилар учун “Бухоро транс терминал” қурилиш-пудрат корхонаси бинокорлари томонидан барпо этилган кенг ва ёруғ, барча зарур шарт-шароит яратилган хонадонларнинг ўз эгаларига тошириш маросимида вилоят ва шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари, горнизон қўмондонлиги, жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари Мирали Ҳамроев ва бошқалар сўзга чиқиб, янги хонадонларга кўчиб ўтаётган ҳарбий хизматчиларни ҳамда уларнинг оила аъзоларини қутлашди.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ҳарбийлар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилаётганини, ушбу кўп қаватли уйларда ҳам барча зарур қулайликлар яратилгани таъкидланди.
Тадбир давомида ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари давлат раҳбари томонидан уларга яратилаётган кенг имкониятлар, кўрсатилаётган эътибор ва эъзоздан жуда миннатдор эканликларини таъкидлаб ўтдилар.
Тантанали маросимда ҳарбий хизматчиларга хонадонлар калитлари топширилди.
Иншоотни барпо этган қурувчиларга ҳам алоҳида эҳтиром кўрсатилди.
Шундан сўнг лента қирқилиб, тадбирда йиғилганлар шинам ва замонавий турар жойда яратилган шарт-шароит билан яқиндан танишдилар.
Қайд этиш жоизки, барпо этилган мазкур иншоот умумий қийматининг 25 фоизи, яъни 5 миллиард сўмдан зиёд маблағ Мудофаа вазирлиги томонидан қоплаб берилгани ҳарбийлар ва улар оилалари учун катта имтиёз бўлди.
Муҳими, ҳарбийлар уйида зарур жиҳозлар, ошхона мебели ва газ плитаси, ювиниш тармоғи, яна эшик–деразалари ўрнатиб берилган, эмин-эркин яшаш учун барча шарт-шароит муҳайё қилинган.
Бундан ташқари, алоҳида иситиш тизими, уйлар олдида болалар майдончаси, суҳбатлашиш учун жойлар барпо этилганлиги яшовчиларга катта қулайликлар яратади.
Қулайлиги––узоқ йилга ипотека кредити асосида расмийлаштириб берилган бу турар жой учун ҳарбийлар ҳисобидан ойига тўланадиган бадал миқдори ҳам кўп эмас. Бунинг учун улар Президентимиздан миннатдор.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









