Вобкент: Хўжаработдаги умумтаълим мактаби 580 ўринли замонавий масканга айланмоқда
2026-07-14 19:55:00 / Янгиликлар
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 18 сентябрдаги ПҚ–"Ислом тараққиёт банки ва ОПЭК халқаро тараққиёт жамғармаси иштирокида “Қишлоқ жойларни барқарор ривожлантириш” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 5246-сонли қарори ижроси доирасида Вобкент тумани Хўжаработ маҳалласидаги 7-сонли умумтаълим мактабида ҳам кўпдан кутилган қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда.

Лойиҳа доирасида мактабнинг мавжуд ўқув бинолари мукаммал реконструкция қилиниб, қўшимча равишда 240 ўринли замонавий ўқув биноси ҳамда фаоллар зали бунёд этилмоқда. Очиғи кейинги йилларда ўқувчи сони ошганига қарамасдан, сабоқлар икки сменада ташкиллаштирилгани, мослаштирилган шароитда фаолият юритиб келингани ана шундай қайта таъмирлашга зарурат туғдирганди.
Айтиш жоизки, таълим даргоҳининг биринчи ўқув биноси ўтган аср етмишинчи йилларида, иккинчи ўқув биноси эса 1986 йилда қурилган бўлиб, узоқ йиллар давомида таълим жараёнига хизмат қилган. Вақт ўтиши билан бинолар жисмонан ва маънан эскириб, замонавий таълим талабларига тўлиқ жавоб бермай қолганди. Айниқса, қиш мавсумида иситиш тизимида ҳам нуқсон ва етишмовчиликлар кузатилган, синф хоналарида зарур ҳароратни сақлаш қийин бўлиб, бу аҳвол ўқув жараёнига ҳам ўз таъсирини кўрсатмай қолмаган. Мактабда фаоллар зали мавжуд бўлмагани сабабли маънавий-маърифий тадбирлар, мусиқий чиқишлар, учрашувлар ва давра суҳбатлари синф хоналарида ўтказиб келингани ҳам ортиқча изоҳга ҳожат қолдирмайди.
Хўжаработдаги умумтаълим мактабидаги мукаммал таъмирлаш ишларини маҳаллий пудратчилардан "Fast quality building" МЧЖ ишчи-мутахассислари ўз зиммаларига олишди. Бугунга қадар иншоотда белгиланган асосий ишларнинг катта қисми якунланди.
Амалга оширилаётган мукаммал таъмирлаш ва айни кундаги қурилиш ишлари натижасида шу кунга қадар фойдаланиб келинган 340 ўринли таълим даргоҳи замонавий инфратузилмага эга 580 ўринли умумтаълим масканига айлантирилмоқда. Янги ўқув йилидан бошлаб ўқувчилар кенг ва ёруғ синф хоналари, замонавий спорт зали, фаоллар зали ҳамда барча қулайликларга эга таълим муҳитида билим олиш имкониятига эга бўладилар.
Қайта қуриш ва мукаммал таъмирлаш ишлари Хўжаработ маҳалласи аҳолиси учун ҳам катта мамнуният бағишламоқда. Энг муҳими, узоқ ҳудудларда ҳам таълим соҳасига қаратилаётган эътибор ва яратилаётган замонавий шарт-шароит туфайли маҳалладошларнинг эртанги кунга бўлган ишончи янада мустаҳкамланмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати








