Бухоро тумани: хонободлик тадбиркор Нозим Неъматов чорвачиликни ривожлантирмоқда
2026-07-14 10:45:00 / Янгиликлар

Неъматовлар хонадони аъзолари 8 йилдан буён чорвачилик билан шуғулланиб келишмоқда. Меҳнат бежиз кетмаган, айни кунга келиб уй хўжалигида боқилаётган қорамол сонини миришкорлар 60 бошга етказишга муваффақ бўлишган. Хўжаликда асосан маҳаллий “Қизилчўл” зотига мансуб қорамоллар билан бирга хорижий, юқори маҳсулдор “Smental”, “Hereford” ва бошқа зотдор қорамоллар парвариш қилинмоқда. Бу наслдор чорва моллари юқори маҳсулдорлиги, тез ўсиши ва сифатли маҳсулот бериши билан ажралиб туради.
Шундан соғин сигир сони 15 бошга етказилган бўлиб, уларнинг ҳар биридан кунига 12-15 литргача сут соғиб олинмоқда. Етиштирилаётган сут ва гўшт маҳсулотлари маҳаллий истеъмолчиларга, ҳудуддаги болалар боғчасига етказиб берилиб, аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашга муносиб ҳисса қўшилмоқда. Биргина кунлик соғиб олинаётган сутдан 1,2 миллион сўмдан ошиқ даромадга эришилмоқда. Худди шундай, бўрдоқига парваришланаётган чорва моллари ҳисобидан жорий йил биринчи ярми даврида қарийб 2 тонна гўшт маҳсулоти аҳоли дастурхонига етказилган. Ҳисоб-китобга кўра, бундан 200 миллион сўмдан ошириб моддий манфаатдорликка эришилмоқда.
Нозим Неъматов оила аъзолари кўмагида яқин ойларда четдан наслли қорамоллар олиб келиш, хўжалик фаолиятини кенгайтириш, чорва моллари сонини 100 бошга етказишни мақсад қилган. Бу эса ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, сифатли чорва маҳсулотлари етиштириш ва бозор таъминотини янада яхшилашга хизмат қилади. Хўжаликни кенгайтириб, моддий-техник имкониятларни ошириш учун аввало, ташаббускорга экин ери керак. Унда чорва моллари учун озуқабоп экинлар, маккажўхори, ўт беда, тариқ, бошоқли дон етиштирилиб, қишки мавсумга етарлича ем-хашак заҳираси тайёрланади.
Туман масъуллари билан мулоқотда хўжалик соҳиби Нозим Неъматов шу каби режалари, айни пайтда дуч келинаётган ташвиш-муаммолари хусусида тўхталиб, экин ерига бўлган эҳтиёжини алоҳида таъкидлади ва маҳаллий ҳокимликдан яқин кунларда бу борада ижобий жавоб оладиган бўлди. Бу ҳам ҳудудда чорвачиликни ривожлантириш, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш борасида яратилаётган шарт- шароит ва имкониятларнинг амалий ифодасидир.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати






