Когон: "Кавсар" технологияси – сув тежамкорлиги ва ҳосилдорлик кафолати
2026-07-13 19:35:00 / Янгиликлар
Когон туманида ҳам қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ҳамда экинлар ҳосилдорлигини оширишга қаратилган замонавий технологиялар босқичма-босқич жорий этилмоқда. Бу борада сув тежовчи суғориш усуллари ва инновацион техник воситалардан самарали фойдаланиш муҳим аҳамият касб этмоқда.

Хусусан, тумандаги фермер хўжаликларида "Кавсар" мобил насос агрегатлари асосида дискрет суғориш технологияси кенг қўлланилмоқда. Мазкур агрегатларнинг асосий устунлиги — энергия тежамкорлиги ва қуёш панеллари орқали ишлаш имкониятидир. Шу боис электр таъминоти чекланган ҳудудларда ҳам тизим узлуксиз ишлаб, фермерларга қўшимча иқтисодий самара бермоқда.
Жумладан "Тунироқ" ҳудудида фаолият юритаётган ”Ёрқулов Улуғбек" фермер хўжалигида ҳам мазкур технология 15 гектар пахта майдонида амалиётга жорий этилган. Бу ерда “Кавсар” мобил насос агрегати ёрдамида ташкил этилган дискрет суғориш тизими сувдан оқилона фойдаланиш ва пахта майдонларини меёрий намлик билан таъминлашда юқори самара бермоқда.
Фермер хўжалиги раҳбари Улуғбек Ёрқуловнинг айтишича, иқлим ўзгариши ва сув ресурсларининг чекланиб бораётгани шароитида сув тежовчи технологияларни жорий этиш бугунги куннинг муҳим талабидир.
— Илгари анъанавий усулда суғоришда сув сарфи юқори бўлиб, айрим жойларда ортиқча, бошқа участкаларда эса намлик етарли даражада таъминланмас эди. Дискрет суғориш технологияси жорий этилгач, ҳар бир эгатга сув аниқ меёрда етказилмоқда. Натижада сув исрофи кескин камайди, суғориш сифати яхшиланди ва сувдан тежамкорлик билан фойдаланиш имконияти яратилди, — дейди хўжалик раҳбари.
Мутахассисларнинг фикрича, сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиш нафақат сув ресурсларини асраш, балки қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, сарф-харажатни камайтириш ва юқори ҳосил етиштиришда ҳам муҳим омил ҳисобланади.
Маълумот учун, жорий мавсумда Когон тумани фермерлари томонидан 6 та “Кавсар” мобил суғориш қурилмаси харид қилинган. Айни пайтда бу технологиялар ёрдамида жами 100 гектардан ортиқ экин майдони суғорилмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати







