Бухоро тумани: Новметан қишлоғида замонавий давлат мактабгача таълим ташкилоти очилди
2026-07-13 15:55:00 / Янгиликлар
Вилоятимизда мактабгача таълим тизимини ривожлантириш, эртамиз эгалари—болаларни сифатли таълим билан қамраб олиш, улар учун замонавий ва хавфсиз таълим муҳитини яратиш борасида манзилли ишлар амалга оширилмоқда. Мазкур саъй-ҳаракат самарасида ҳудудда замонавий мактабгача таълим муассасалари бунёд этилиб, ёш авлоднинг баркамол вояга етиши учун муносиб шарт-шароит яратилмоқда.

Куни кеча “Новметан” маҳалла фуқаролар йиғинидаги Новметан қишлоғида “Ислом тараққиёт банки” молиявий қўллаб-қувватловида, янгидан бунёд этилган 120 ўринли, 40-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти тантанали равишда фойдаланишга топширилди.
Замонавий андозадаги иншоот очилиш маросимида туман ҳокимлиги, нуронийлар, маҳалла фаоллари, жамоатчилик вакиллари иштирок этиб, сўнгги пайтда ҳудудда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, хусусан, маҳаллий аҳолининг кўп йиллик ушалган орзу-ҳаваси, мактабгача таълим тизимини ривожлантиришдаги таклиф ва тавсиялари эшитилди.
Муассаса 120 нафар тарбияланувчи болажонга мўлжалланган бўлиб, унда 4 та гуруҳ фаолият юритиши кўзда тутилган. Бинода болаларнинг сифатли таълим-тарбия олиши, уларнинг интеллектуал, жисмоний ва маънавий камолоти учун зарур шарт-шароитни яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мазкур мактабгача таълим ташкилоти "Fast quality building" МЧЖ ишчи-мутахассислари томонидан замонавий лойиҳа асосида бунёд этилган бўлиб, лойиҳанинг умумий қиймати 4,2 миллиард сўмни ташкил этади.
Янги мактабгача таълим ташкилотида машғулот ва ўйин майдончалари, шинам ошхона ва ётоқхона, санитария ва иситиш тармоғи шай қилинган. Биргина болалар боғчаси туфайли эндиликда ўндан ортиқ тарбиячи бу ерда болажонлар таълим-тарбиясига жалб қилинмоқда. Аҳоли нисбатан гавжум бўлган Новметан қишлоғида мактабгача таълим қамровини янада кенгайтириш, болажонларни талаб даражасидаги таълим муҳити билан таъминлаш, ота-оналар учун қулай имконият яратишда юқоридаги каби ташаббуслар муҳим ўрин эгаллайди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати







