Когон тумани: “Тараққиёт” маҳалласидаги Абдуллаевлар хонадони меҳнаткашлари ҳам ердан мўл ҳосил олмоқдалар
2026-07-11 14:40:00 / Янгиликлар
Томорқа ерларидан оқилона, самарали фойдаланиш, аҳоли бандлигини таъминлаш, оилалар даромадини ошириш, қишлоқ хўжалиги сабзавот-полиз маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш борасида Когон туманида ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Замонавий агротехнологияларни амалиётда қўллаб, томорқасидан унумли фойдаланиб, мўл ҳосил етиштираётган ташаббускор хонадонлар сафи кенгаймоқда.

Шундай илғор томорқа эгаларидан бири “Тараққиёт” маҳалла фуқаролар йиғини, Брешим қишлоғида истиқомат қилувчи Ғафур Абдуллаевдир. У ўз хонадони этагидаги 9 сотихли ер майдонида иссиқхона ташкил этиб, оила аъзолари билан биргаликда йил бўйи пешма-пеш ҳосил етиштириш ҳаракатида бўлади. Жорий деҳқончилик мавсумида 3 сотих ерда бодринг, қолган 6 сотих ерда эса помидорнинг серҳосил навларини парвариш қилиб, баракали ҳосил етиштирмоқда.
Айни кунларда иссиқхонада пишиб етилган ҳосилни йиғиб-териб олиш ишлари қизғин давом этмоқда. Томорқа эгасининг таъкидлашича, кўчатдан ўтқазиб парваришланаётган помидор ва бодринг навлари маҳаллий иқлимга мослиги, кучли илдиз тизими ва бақувват поялари, ҳароратнинг кескин ўзгаришларига нисбатан юқори чидамлилиги, серҳосиллиги билан ажралиб туради. Агротехник тадбирлар вақтида ва сифатли амалга оширилгани самарасида Абдуллаевлар экин ерида ҳам мўл ҳосил етиштирилди.
Ҳозирга қадар иссиқхонадан 4 тонна помидор олинган бўлса, яна қарийб 7 тонна атрофидаги бодринг ҳосили саранжомланмоқда. Бу икки ҳосилдан қарийб 50 миллион сўм даромад дегани, бунда помидор ҳосилдорлигидан келаётган фойда 25 миллион сўмдан кам эмас. Хонадон соҳибининг айтишича, сидқидил меҳнат туфайли экин еридан эришилаётган даромад оила кундалик эҳтиёжлари, фарзандлар орзу-ҳаваси йўлида сарфланмоқда.
Бугунга келиб когонликлар туманида қарийб 21 минг нафар томорқа ер эгаси мавжуд бўлиб, деҳқон хўжаликлари билан қўшганда, улар тасарруфидаги томорқа экин ери майдони 2 минг 128 гектарни ташкил этади. Экин ер майдонларидан оқилона фойдаланиш ҳисобига аҳоли томонидан йил давомида пешма-пеш қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилиб, ички бозордаги сабзавот-полиз, дуккакли маҳсулотлар, озиқ-овқат таъминотига муносиб ҳисса қўшилмоқда.
Ҳудудда томорқачилик билан шуғулланаётган хонадонлар асосан помидор, бодринг, картошка, пиёз, карам, булғор қалампири, сабзи, ловия каби сабзавот етиштириш билан бир қаторда лимон, апелсин сингари цитрус мевалар, яна қулупнай етиштириб, аҳоли дастурхони тўкинлигига ҳисса қўшмоқдалар. Натижада йилнинг тўрт фаслида аҳолини сархил ва сифатли маҳсулотлар билан таъминлаш имконияти яратилмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати







