Вобкент: Оллоёрни синмас иродаси, матонати ва меҳнати муваффақиятга етакламоқда
2026-07-11 14:30:00 / Янгиликлар

"Камбағаллик дастури" ҳамда "Аёллар дафтари"га киритилган оила бекасининг мурожаати ижобий ҳал этилиб, унга 9 миллион 800 минг сўм миқдорида ссуда маблағи ажратилди. Бу сармоя эвазига наслли сигир-бузоқ харид қилиниб, хонадонда қорамол парвариши бошланди. Шунингдек, ҳокимнинг маҳалладаги ёрдамчиси тавсияси асосида Отаева хонадони аъзолари билан ҳамкорлик йўлга қўйилиб, бугунга келиб уй хўжалигида парҳезбоп гўшт йўналишида парваришланаётган парранда сони 1 минг бошга етказилган.
Хонадоннинг томорқадан унумли фойдаланилаётгани алоҳида эътиборга лойиқ. Айни пайтда 7 сотихдан иборат экин ерида картошка, помидор, булғор қалампири, бақлажон, ловия кабилар етиштирилиб, рўзғор эҳтиёжи қондирилмоқда. Масалан, шу мавсумда ярим тоннага яқин картошка, яна шунча помидор етиштирилгани оилага моддий манфаат келтирмоқда, албатта.
Ҳовли-жойда 20 тупга яқин мевали дарахт парваришланмоқда, демак, ўрик, гилос, шафтоли, анжирдан баҳраманд бўлишмоқда. Мўъжаз токзор-узумзор ёз жазирамасида ширага тўлмоқда, бу ҳам дастурхон тўкинлиги учун, ҳадемай, қора кишмиши, ҳусайни, беҳишти узумлари пишиб етилади. Дарвоқе, томорқанинг бир четида етилиб пишган хандалак ўткир ҳиди димоққа урилади. Булар барчаси астойдил меҳнат, ҳалол пешона тери маҳсули.
Отаевлар оиласининг фарзанди, фахри Оллоёр Шуҳратуллаев. Жисмоний имконияти чекланганига қарамай, унинг ҳаётга бўлган интилиши ва ғайрати барчага ибрат. Маҳалла маъмурияти ижтимоий хизматлар ходими Башорат Ҳусенова ҳамда ёшлар етакчиси Алпомиш Эшпўлатовнинг ташаббуси билан Оллоёр ногиронлик аравачаси билан таъминланган, фаол ҳаётга жалб этилган.
Оллоёрнинг спортга бўлган қизиқиши инобатга олиниб, туман спорт мактабидан мураббий унга бириктирилган. Қисқа муддатда олиб борилган машғулотлар ўз самарасини бермоқда. Жорий йилнинг 3–5 июн кунлари Тошкент вилояти Ангрен шаҳридаги "Янгиобод" республика спорт базасида ўтказилган 14 ёш тоифасида бўлиб ўтган мамлакат чемпионатида Оллоёр ядро улоқтириш, найза улоқтириш ва диск улоқтириш йўналишларида барча рақибларини ортда қолдириб, Ўзбекистон чемпиони деган шарафли унвонга сазовор бўлди.
Мазкур оила мисолида мамлакатимизда аҳолини қўллаб-қувватлаш, бандлигини таъминлаш ва ижтимоий ҳимояни кучайтиришга қаратилган ислоҳотлар амалда ўз самарасини бермоқда. Синмас ирода, ҳалол меҳнат ва яратилган имкониятлардан унумли фойдаланиш ҳар қандай муваффақиятнинг мустаҳкам асосидир. Бу борада Шахноза Отаева оиласининг ҳаёт йўли ана шундай фидойилик ва матонатнинг барчага ибрат бўладиган ёрқин намунасидир.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









