Бухоро тумани: “Қуйи Кобдун” қишлоғида замонавий болалар боғчаси фойдаланишга топширилди
2026-07-10 17:50:00 / Янгиликлар
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 18 сентябрдаги “Ислом тараққиёт банки” ҳамда ОПЕК Халқаро тараққиёт жамғармаси иштирокида таълим инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Бухоро туманида навбатдаги муҳим ижтимоий иншоот фойдаланишга топширилди.

Куни кеча “Истиқбол” маҳалла фуқаролар йиғини Қуйи Кобдун қишлоғида қуриб битказилган 15-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти фойдаланишга топширилди. Тадбирда туман ҳокимлиги, халқ депутатлари туман Кенгаши вакиллари, меҳнат фахрийлари, маҳалла фаоллари ва ота-оналар иштирок этдилар.
Айни пайтда 120 нафар тарбияланувчига мўлжалланган мазкур мактабгача таълим ташкилоти қиймати 4 миллиард 200 миллион сўм маблағ эвазига бунёд этилди. Замонавий андозадаги муассаса қурилишида пудратчи “Fast quality building” МЧЖ ишчи-мутахассислари алоҳида жонбозлик кўрсатдилар.
Муассасада болаларнинг ҳар томонлама баркамол вояга етиши учун барча зарур шароит яратилган. Хусусан, 4 та замонавий гуруҳ хонаси, мусиқа ва спорт зали, ошхона, ётоқхона, тиббиёт хонаси, болалар учун шинам, замонавий ўйин майдончалари дид билан барпо қилиниб, юмшоқ ва қаттиқ мебель, ўқув жиҳозлари билан таъминланган. Худди шундай, масканни энергия тежамкор иситиш-совитиш тизими ва бошқа зарур инфратузилма билан тўла-тўкис таъминлаш чоралари кўрилмоқда.
Мазкур мактабгача таълим ташкилотини фойдаланишга топширилиши Қуйи Кобдун қишлоғи аҳолиси учун кўпдан кутилган янгилик бўлди. Негаки, шу кунгача қишлоқдаги кўплаб ёш оилалар боғча ёшидаги фарзандлари билан узоқ ҳудуддаги болалар боғчаларига қийинчиликда қатнашга мажбур бўлишгани ҳам айни ҳақиқат. Эндиликда эса кўп йиллик орзу ушалди ва болажонлар ўз яшаш ҳудудининг ўзида барча замонавий қулайликларга эга мактабгача таълим ташкилотида тарбия олиш имкониятига эга бўлдилар.
Муассаса рамзий алвон лентаси қирқилгач, йиғилганлар унда болажонлар учун яратилган шарт-шароит билан яқиндан танишдилар. Эртамиз эгаларининг барвақт савод чиқаришлари, мурғак ёшларидан ҳам жисмонан чиниқиб, ҳам дунёқарашини ўстириб, теран фикрлашлари учун мазкур мактабгача таълим ташкилотининг ўрни ва аҳамияти беқиёс. Бундай бунёдкорлик ишлари юртимизда айниқса, болалар таълим-тарбиясига қаратилаётган юксак эътиборнинг амалий ифодасидир.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати






