Бухоро вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармасининг шахсий таркибига замонавий махсус ҳамда енгил хизмат автомашиналари топширилди
2026-07-10 10:15:00 / Янгиликлар

Маросимда сўз олган вилоят ҳокими мамлакатимизда сўнгги йилларда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизими ҳам халқимизга яқин ва ишончли тузилмага айланиб бораётганини эътироф этди.
Таъкидланганидек, қабул қилинаётган Фармон ва қарорлар соҳада самарали профилактика ва давлат назоратини амалга оширишнинг замонавий рақамли ечимларини жорий қилиш имкониятини яратмоқда. Фавқулодда вазиятлар профилактикасини ташкил этиш бўйича мутлақо янгича тизим жорий қилиниб, маҳаллада хизмат қилувчи давлат инспекторлари фаолияти йўлга қўйилди.
Бу борада, вилоятимиздаги 516 та маҳалла “қизил”, “сариқ” ва “яшил” тоифаларга ажратилиб, хавф йўналишлари белгиланди. Бундай янгича ёндашув фавқулодда вазиятлар ва ёнғинларнинг оқибатлари билан эмас, балки уларнинг сабаблари билан курашишга хизмат қилмоқда. “Қизил” ва “сариқ” тоифадаги маҳаллаларда мунтазам равишда ўтказилган “хонадонбай” ўрганишлар самарасида жорий йилнинг 6 ойи давомида ёнғинлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 53 тага камайишига эришилди.
Тизим инфратузилмасини яхшилаш ва замонавий техника воситалари билан таъминлаш борасида ҳам қатор ишлар амалга оширилди. Вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси ва таркибий бўлинмалари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш мақсадида жорий йилда республика ва маҳаллий бюджет ҳисобидан 3 млрд. сўмдан ортиқ маблағлар йўналтирилди.
— Шу билан бир қаторда, халқимизни, иқтисодиётимиз ва халқ хўжалиги тармоқларини фавқулодда вазиятлардан, ёнғинлар ва бошқа талофатлардан ишончли ҳимоя қилиш борасида ҳали бир қатор ишларни амалга оширишимиз лозим. Биринчи навбатда, фавқулодда вазиятлар бўлинмаларини энг замонавий махсус техникалар ва воситалар билан жиҳозлаш, ходимларнинг малака ва маҳоратини ошириш, қутқарув хизматларининг доимий шайлигини таъминлаш борасида ишларни тизимли равишда амалга оширишимиз даркор. Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ҳисобида мавжуд бўлган 146 та автотранспорт воситалари мавжуд бўлиб, замон талабидан келиб чиққан ҳолда уни янгилаб боришимиз лозим,-деди Ботир Зарипов.
Сўнги йилларда Бухорода кўплаб йирик бино ва иншоотлар, саноат ва ишлаб чиқариш корхоналари, ижтимоий мажмуалар барпо этилмоқда. Моддий ва маънавий қиймати бебаҳо бўлган маданий мерос объектларимизга минглаб хорижлик ва маҳаллий сайёҳлар ташрифи кун сайин ортиб бормоқда. Бундай ўзгаришлар фавқулодда вазиятларнинг олдини олишнинг энг самарали ва тезкор механизмларини ҳаётга татбиқ этишни тақозо этади.
Вилоят бошқармаси тасарруфидаги яроқсиз ҳолатга келиб қолган техникалар ўрнига 18 та замонавий махсус ва енгил автотранспорт воситаларининг ажратилганлиги давлатимиз раҳбари ва ҳукуматимизнинг юқоридаги масалаларга қаратаётган алоҳида эътибори намунасидир.
Ўз навбатида бу тизим ходимларининг фаолияти самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади.
Тадбирда сўзга чиққан соҳа фахрийлари ва ёшлар берилаётган эътибор ва рағбат учун ўз миннатдорликларини билдиришди.
Шундан сўнг шахсий таркибга замонавий махсус ҳамда енгил хизмат автомашиналари калитлари тантанали тарзда топширилди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати








