Бухорога яна 76 та замонавий автобус олиб келинди
2026-07-09 13:15:00 / Янгиликлар

Жорий йилда Бухоро шаҳрида жамоат транспортини ривожлантириш ва тирбандликларни қисқартириш мақсадида шаҳарнинг “Транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш” Бош режаси ишлаб чиқилган.
Унга мувофиқ, Бухоро шаҳрида 21 та янги автобус йўналиши жорий этилиб, аҳоли гавжум бўлган ҳудудларда транспорт ўтиш боғламалари қурилмоқда. Шунингдек, 113 та чорраҳада “Ақлли светофор” тизими жорий этилиб, автобуслар ҳаракатига устуворлик бериш мақсадида Бухоро шаҳрининг 7 та марказий, яъни Муҳаммад Иқбол, Ибн Сино, Ислом Каримов, Мирдўстим, Ғиждувон, Баҳоуддин Нақшбанд ва Мустақиллик кўчаларида алоҳида автобус йўлаклари ташкил этилмоқда.
Вилоятимиз аҳолиси учун сифатли жамоат транспорти хизматини кўрсатиш, шаҳар аҳолиси ва меҳмонларига янада қулай жамоат транспорти хизматини ташкил этиш мақсадида маҳаллий тадбиркорлар томонидан Хитой давлатида ишлаб чиқарилган яна 76 та замонавий русумдаги автобус олиб келинди.
Транспорт воситаларини фойдаланишга топшириш тадбирида вилоят ҳокими Ботир Зарипов сўзга чиқиб, жамоатчилик вакиллари, бухороликларни бу янгилик билан самимий табриклади.
Вилоят раҳбари таъкидлаганидек, 2026 йилнинг ўзида вилоятимизга 101 та янги замонавий русумли автобус олиб келинган. Бу автобусларнинг дастлабки 25 таси, яъни “Bux Pit-Stop NGP” МЧЖ томонидан “Yutong” русумли автобуслари шу йил февраль ойида 13-сонли, “Маданият” бош бекати—“Тўқимачи” бош бекати” ва 15-сонли “Марказий бозор-Ғурбинча аҳоли пункти” брутто йўналишларига жойлаштирилган. Бугунги тақдим этилаётган янги автобуслар ҳам брутто шартномаси асосида Бухоро шаҳар автобус йўналишларига жойлаштирилади.
Мазкур транспорт воситалари “Progress Mega Trans”, “Miramax Turist Trans”, “Buxaraneveshservis”, “Miramax Travel” каби масъулияти чекланган жамияти шаклидаги маҳаллий тадбиркорлик субъектлари томонидан олиб келинди.
Лойиҳанинг иккинчи босқичида, яъни жорий йил якунига қадар яна 86 та замонавий русумли автобус вилоятга олиб келиниб, брутто йўналишларига жойлаштирилиши кўзда тутилмоқда.
Қайд қилинганидек, илгари кўп ҳолларда кечки вақтда йўловчилар сийраклашганидан сўнг, йўналишларда автобусларни топиш амри маҳол бўлиб қолар эди. Аҳолига сифатли жамоат транспорти хизматини кўрсатиш мақсадида жамоат транспорти фаолиятида “Брутто-шартнома” тизими жорий қилингани қўл келмоқда. Бу тизимда ҳайдовчилар олдинги кунлик белгиланган пул тушуми учун жавобгар бўлмайди. Аксинча, ташувчи корхоналар томонидан белгиланган график ва масофа учун қатновларнинг амалга оширилганлиги, яъни автобуслар босиб ўтган йўли ва кўрсатган хизматлари сифати учун ҳақ тўлаш механизми йўлга қўйилди.
Хулоса шуки, келгусида вилоят марказида жамоат транспорти тармоғини тўлиқ реформaция қилган ҳолда тармоқни янги автобуслар билан бойитиб, йўловчи сони учун эмас, аввало, шаҳар аҳолиси ва меҳмонларга, барча тоифадаги йўловчиларга талаб даражасида, “соат механизми” тартибида транспорт хизмати кўрсатилиши мақсад қилинган.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









