“Хавфсиз ва соғлом юрт” комплекс тезкор-профилактик тадбирлар ойлиги доирасида йўриқнома ўтказилди
2026-07-07 21:40:00 / Янгиликлар

Мазкур тадбир жамоат хавфсизлигини мустаҳкамлаш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш, аҳоли осойишталигини таъминлаш ҳамда фуқаролар ўртасида қонунга ҳурмат туйғусини янада кучайтиришга қаратилган.
Ойлик муносабати билан Бухорода тунги йўриқнома ўтказилди.
Сўзга чиққанлар томонидан таъкидланганидек, ойлик доирасидаги тадбирларни юқори савияда ташкил қилиш мақсадида вилоят, туман ва шаҳарларда штаблар фаолияти йўлга қўйилди.
Ойлик доирасида 1-6 июль кунлари давомида олиб борилган тадбирлар натижасида қотиллик, безорилик, босқинчилик, автомашина олиб қочиш каби ўта оғир жиноятлар содир этилишига йўл қўйилмаганлиги, қидирувда юрган 12 нафар шахслар ушланиб, 10 нафар бедарак йўқолганлар топилганлиги, албатта, ижобий натижадир.
Гиёҳвандликка қарши курашиш йўналишидаги тезкор тадбирлар мобайнида 2 кгга яқин гиёҳвандлик, 22 594 дона психотроп дори воситаларининг истеъмолга кириб келиши олди олинганлиги, 118 туп гиёҳвандлик ўсимлиги аниқланганлиги бу борадаги вазифаларимиз кўлами кенглигини яққол кўрсатмоқда.
Ҳамкорликдаги сайъ-ҳаракатлар натижасида 117 та жиноий ва 823 та маъмурий ҳолатларнинг олди олиниб, 22 та кибержиноят фош этилди.Тиббиёт муассасалари ҳисобида турган 600 нафарга яқин шахслар даволаш муассасаларига, муайян яшаш жойига эга бўлмаган 15 нафар шахслар Реабилитация марказига жойлаштирилди.Бундан ташқари, пробация ҳисобида турган 4 700 нафардан ортиқ шахслар билан тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Ижтимоий профилактика объекти ҳисобланган 2 981 нафар шахсга берилган хулосалар асосида уларнинг муаммолари ҳал этилганлиги ҳам биргаликдаги ишларнинг самарасидир.
Умуман олганда, ойлик доирасида вилоятда хавфсиз муҳитни яратиш ва криминоген вазиятни барқарорлаштириш борасидаги ишлар 1 августга қадар тизимли равишда, изчиллик билан давом эттирилиши лозимлиги қайд этилди.
Шунингдек, йўриқномада, ойлик доирасида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, вилоятимизнинг ҳар бир маҳалласида хавфсиз ва соғлом муҳитни таъминлашга қаратилган тадбирларни уюшқоқлик билан ўтказиш учун зарур кўрсатмалар берилди.
Авваламбор, ҳуқуқ тартибот идоралари, мутасадди ташкилотлар, “маҳалла еттилиги” вакиллари уйма-уй юрган ҳолда, криминоген вазиятга салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳар бир омилни аниқлаши ҳамда зудлик билан бартараф этиши зарурлиги таъкидланди.
Шу билан бирга, алоҳида тоифадаги шахслар билан манзилли профилактик тадбирларни давом эттириб, ишсиз фуқаролар, айниқса, хотин-қизлар ва ёшларнинг бандлигини таъминлаш, оилавий низоларни бартараф этиш, “Ижтимоий профилактика” объекти бўлган фуқаролар муаммоларини ҳал қилишга “алоҳида устувор вазифа” сифатида эътибор қаратиш лозимлиги айтилди.
Жиноят содир этилишининг олдини олишга қаратилган ишлар ҳар бир оила, кўча ва маҳаллани, муассасаларни қамраб олиши, бу борадаги ташкилотчилик, жонкуярлик, фидойилик барча бўғиндаги раҳбарларнинг, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг кундалик иш тарзига айланиши кераклиги бўйича вазифалар белгиланди.
Тадбирда ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари — Тезкор-қидирув департаменти бошлиғи Ботир Қудратхўжаев, вилоят ҳокими Ботир Зарипов иштирок этди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









