Олот: чўл бағридаги табиий шифо маскани сайёҳларни чорламоқда
2026-07-07 15:40:00 / Янгиликлар

Масканда қум ванналари, туз кристаллари ва лой–қора балчиқ билан даволаш каби халқ табобатига асосланган муолажалар малакали мутахассислар назорати остида амалга оширилмоқда. Айниқса, табиий қум ва туз муолажалари бўғим, асаб, тери ва таянч-ҳаракат тизими билан боғлиқ айрим хасталиклардан фориғ бўлишни истовчилар орасида катта қизиқиш уйғотмоқда.
Бу ўринда гап Олот туманидаги "Арабхона" маҳалласи кимсасиз чўл массивида жойлашган "Қум ва туз билан даволаш маскани" хусусида бормоқда. Мавсум айни ёзги жазирама кунларида яна минглаб меҳмонлар учун очиқ. Табиий шифо манбаи сифатида танилган ушбу маскан бугун нафақат саломатликни тиклаш, балки, ички туризмни ривожлантиришнинг муҳим манзилларидан бирига айланиб бормоқда.
Айни кунда масканда 40 дан ортиқ ўтов барпо этилиб, меҳмонларнинг дам олиши учун зарур шарт-шароит яратилган.
Меҳмонлар бу ерда шифо олиш билан бирга, чўлнинг мусаффо ҳавосидан баҳраманд бўлиб, экологик тоза муҳитда мароқли ҳордиқ чиқариш, тинч-осойишта муҳитда “қайноқ” қумда тобланиш имкониятига эга бўлишмоқда.
Масканга ташриф буюрувчилар учун қулайликларни янада ошириш мақсадида инфратузилма изчил ривожлантирилмоқда. Хусусан, масканга олиб борувчи 2 километр автомобил йўли 1 миллиард 800 миллион сўм маблағ эвазига тўлиқ таъмирланиб, асфальт қопламаси ётқизилди. Шунингдек, ҳудудда 66 дона замонавий тунги ёритиш чироғи ўрнатилиб, электр таъминоти яхшиланмоқда, шу билан бирга, ичимлик суви тармоғи тортилмоқда.
Келгусида мазкур масканда даволаш шахобчаларини ташкил этиш, замонавий ювиниш хоналари, тиббиёт пункти, салқин дам олиш масканлари, автотураргоҳ ва бошқа хизмат кўрсатиш инфратузилмаларини барпо этиш режалаштирилган. Бу эса дам олиш маскани имкониятларини янада кенгайтириб, сайёҳлар ва шифо излаб келувчилар учун янада қулай шарт-шароит яратилади. Бу каби қулайликлар чўл бағридаги табиий шифо маскани нуфузи ва жозибадорлигини янада ошириб, туманнинг туризм салоҳиятини янги босқичга кўтаришга хизмат қилади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати








