China Petroleum Engineering & Construction Corporation (CPECC) компанияси Бухорода яна бир йирик лойиҳани амалга оширмоқчи
2026-07-07 15:05:00 / Янгиликлар

Корхона ўн йилдан ортиқ вақт давомида Ўзбекистон энергетика бозорида фаолият юритиб келмоқда ҳамда Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги энергетика соҳасидаги ҳамкорликда муҳим муҳандислик пудратчиси сифатида иштирок этмоқда.
Корхона "Ўзбекнефтгаз" АЖ билан яқин ҳамкорликда Бухоро нефтни қайта ишлаш заводини модернизация қилиш, Қандим конининг умумий узунлиги 410 километр бўлган газ қувури, 53 та қудуқ пункти ва 24 та комплекс технологик станциясидаги газ йиғиш тармоғИ қуриш, Бухоро вилоятидаги газ-конденсат конларининг ер усти инфратузилмасини барпо этиш, "Марказий Осиё – Хитой" магистраль газ қувурининг Ўзбекистон ҳудудидаги ёрдамчи станциялари ва компрессор объектларини қуриш ва ривожлантириш лойиҳаларида қатнашган.
China Petroleum Engineering & Construction Corporation (CPECC) эндиликда «Бухоро саноатни ривожлантириш комплекси» махсус саноат паркида нефтни қайта ишлаш заводлари ҳамда нефть-кимё мажмуаларини модернизация қилиш, ёқилғи маҳсулотлари сифатини яхшилаш учун зарур бўладиган ускуналарни йиъғишни йўлга қўймоқчи.
Вилоят ҳокими Ботир Зарипов ва компаниянинг Ўзбекистондаги координатори Fang Zi You ўртасида кечган мулоқотда лойиҳани амалга ошириш билан боғлиқ масалалар кенг муҳокама қилинди.
Вилоят ҳокими давлатимиз раҳбарининг очиқлик сиёсати туфайли Бухорода ҳам инвесторлар учун қулай бизнес муҳити яратилгани, хорижий сармоядорларни қўллаб-қувватлаш бўйича зарур шарт-шароитлар мавжудлигини алоҳида таъкидлади.
Кўзда тутилган лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш учун ҳар томонлама кўмак беришга тайёр эканлигини билдирди. Шунингдек, «Бухоро саноатни ривожлантириш комплекси» махсус саноат паркида инвесторлар учун яратилган имконият ва имтиёзлар ҳақида маълумот берилди.
Учрашувда лойиҳани тайёрлаш ҳамда музокараларни давом эттиришга келишиб олинди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати





