Шофиркон: Саврак қишлоғида тадбиркор Бахтиёр Аслонов тикувчилик цехини ривожлантирмоқда
2026-07-04 16:25:00 / Янгиликлар
Бир маҳалла ёки кўчада биргина тикув шахобчаси ёхуд чеварлик цехи иш юритиши ўша ҳудуд аҳолиси учун ҳам зўр қулайлик, шинам шароит ва бир нечта оила учун даромад манбаи дегани. Бугун “Жўшўра” маҳалла фуқаролар йиғинидаги Саврак қишлоғи ҳам ҳар жиҳатдан обод ва кўркам ҳудудлар сирасига кириб, эндиликда қишлоқда тикув цехи ҳам фаолият юритаётгани юқоридаги фикримиз далили.

Маҳаллий тадбиркорлардан бири Бахтиёр Аслонов ташаббуси билан ташкил этилган тикувчилик кичик корхонаси ҳудудда хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, уларни касб-ҳунарли қилиб, оилалар даромадини оширишда самарали лойиҳалардан бири бўлди. Айни кунда чеварлар цехида аёллар кийим-кечаги, келинчаклар либослари талабга мувофиқ бежирим тикиб тайёрланмоқда.
Бугунга келиб кичик корхонада 13 нафар тикувчи хотин-қиз доимий иш билан таъминланган бўлиб, улар замонавий тикув машиналарида меҳнат қилишмоқда. Ҳолбуки, бу чеварларнинг аксарияти яқин-яқингача ишсиз ва даромадсиз уй бекалари бўлишгани ҳам рост. Тикувчиларга ойига ўртача 2,5-3 миллион сўм атрофида ойлик маош тайинланган бўлиб, улар қўли билан кунига ўртача 10 дона тайёр маҳсулот ишлаб чиқарилиб, буюртмалар асосида мижозларга етказиб берилмоқда.
Ишлаб чиқариш ҳажми ва маҳсулотларга бўлган талабнинг ортиб бораётгани самараси ўлароқ, корхона томонидан кунлик ўртача 10–12 миллион сўм миқдорида даромадга эришилмоқда. Кичик корхона иш юритувчиси Шаҳло Жалолова тикув жараёнини мувофиқлаштириш, буюртмалар билан ишлаш, тайёр маҳсулотни эгаларига етказиш каби ташкилий ишларда банд. Муҳими, цех иши барқарор, тикувчилар қўли бекор қолмасдан, кунлик маҳсулдорликка эришмоқдалар.
Цех эгаси, тадбиркор Бахтиёр Аслонов эса бу каби ташкилий ишларда ўзи бош-қош. У кичик корхона ишини ривожлантириш, хом ашё ва буюртмалар сонини кўпайтириб, қўли остидаги тикувчилари жамоаси моддий манфаатдорлигини ошириш ҳаракатида. Бу борада айни пайтда маҳалла маъмурияти ва туман ҳокимлиги масъул мутасадддилари билан яқин ҳамкорликда иш олиб борилмоқда. Гарчи чекка ҳудудда бўлишига қарамасдан, цехда пишиқ-пухта тикиб тайёрланаётган либосларни нафақат ички бозорда сотиш, балки экспортга йўналтириш, ҳатто қўшни Туркманистон бозоридан ўзига муносиб ўрин эгаллаш борасида жиддий бош қотирилмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати






