Қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларининг моҳияти, унинг аҳамияти ҳамда уларни амалга ошириш юзасидан қабул қилинаётган чора-тадбирлар ижроси бўйича ҳисобот
2026-07-03 17:30:00 / Янгиликлар
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Қонунчилик ҳужжатлари ижросини самарали ташкил этишда давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ва 2021 йил 10 февралдаги ПФ-6166-сон Фармони, «Ijro.gov.uz» ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизими самарали фаолият кўрсатишини таъминлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2021 йил 31 майдаги ПҚ-5132-сон қарори ҳамда «Давлат органлари ва ташкилотларда ижро интизомини янада мустаҳкамлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2025 йил
25 июлдаги ПФ-117-сон Фармонида белгиланган топшириқлар асосида Бухоро вилояти ҳокимлигида «Ijro.gov.uz» ижро интизоми идоралараро электрон тизими орқали Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармон, қарор, фармойиш ва топшириқлари ҳамда мажлис баёнларида берилган топшириқлари ўз вақтида ижрога қаратилиб, сифатли бажарилиши қатъий назоратга олинган.

Ҳафтанинг ҳар душанба кунлари Бухоро вилояти ҳокими раҳбарлигида, ҳафтанинг чоршанба ва жума кунлари ҳокимнинг биринчи ўринбосари ҳузурида ижро интизоми ҳолати танқидий муҳокама қилиб келинмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти, Президент Администрацияси ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари ва топшириқлари ижроси кунбай, соатбай қатъий назорат қилинмоқда.
«Ijro.gov.uz» ижро интизоми идоралараро электрон тизими киритилган қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлари Адлия вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳамда Ҳисоб палатаси томонидан экспертизадан ўтказилганидан сўнг назоратдан ечилиши белгиланганлигини инобатга олган ҳолда, вилоят ҳокимлиги аппаратида ушбу топшириқлар белгиланган муддатларда ва пухта бажаралишини таъминлаш мақсадида олдиндан огоҳлантириш тизими йўлга қўйилган.
Яъни ҳар ҳафта 2 маротаба келгуси ойнинг якунига қадар ижро муддати келадиган топшириқлар рўйхати эслатма сифатида ҳоким ўринбосарлари, маслаҳатчилари, бўлинма раҳбарларига ҳамда туман ва шаҳар ҳокимликларига етказилмоқда.
Ҳокимлик аппаратида қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлари ижроси ҳақидаги маълумотларни ижро муддати якунланишини кутмасдан электрон дастурга олдиндан киритиб бориш масаласига алоҳида эътибор берилмоқда.
Вилоят ҳокимлиги аппарати масъул ходимлари томонидан ҳар ойда битта туман ва шаҳарда ҳамда вилоят бошқарма, корхона ва ташкилотларида қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлари ижроси мақсадли ўрганилмоқда. Жумладан, жорий йилнинг февраль ойида Жондор тумани ҳокимлигида, март ойида Бухоро автомобиль йўллари ҳудудий бошқармасида, апрель ойида Қоракўл тумани ҳокимлигида, май ойида вилоят экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармасида, июнь ойида Пешку тумани ҳокимлигида қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлари ижроси ҳолати ўрганилиб, топшириқлар ижросини ташкил этишда амалий ёрдам кўрсатилди.
2026 йилнинг январь-июнь ойлари давомида вилоят ҳокимлиги аппаратида ижро интизомининг ҳолати 55 маротаба муҳокама қилинган.
2023 йил 21 ноябрь куни Президентимиз раҳбарликларида кенгайтирилган тарзда ўтказилган видеоселектор йиғилишида ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича берилган топшириқлардан келиб чиқиб, ҳар бир топшириққа «темир интизом» билан жиддий ёндошиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукуматнинг топшириқларини ўз вақтида, самарали ҳамда тўлиқ бажаришда вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, вилоят корхона ташкилотлар раҳбарлари, туман ва шаҳарлар ҳокимларининг роли ҳамда шахсий жавобгарлигини ошириш чоралари кўрилиб, сусткашликка йўл қўйган масъул раҳбарларга нисбатан интизомий жазо чоралари кўриб борилмоқда.
«Ijro.gov.uz» ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизимида 2026 йил январь-июнь ойлари давомида вилоятга дахлдор 2 446 та топшириқ келиб тушган бўлиб, ушбу топшириқларнинг 1 360 тасида вилоят ҳокимлиги асосий ижрочи ҳамда 1 086 тасида ҳамижрочи сифатида белгиланган.
Ушбу топшириқларнинг 2 433 таси (99.5%)нинг ижроси таъминланиб назоратдан ечилган. Қолган 13 та топшириқда вилоят ҳокимлиги ҳамижрочи сифатида белгиланган бўлиб, бугунги кунда ушбу топшириқларнинг ижросини таъминлаш чоралари кўрилмоқда.
Шунингдек, ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизимининг Президент Администрацияси модулидаги вилоят ҳокимлигига дахлдор 222 та ва Вазирлар Маҳкамаси топшириқлари модулида Ҳукуматимизнинг 810 та топшириғи келиб тушган бўлиб, барчасининг ижроси таъминланди.
Жорий йилнинг июль ойидаги топшириқларнинг ижросини таъминлаш бўйича кунбай календарь график ишлаб чиқилди. Ҳар бир ҳоким ўринбосарлари кесимида «Йўл харита»лари ишлаб чиқилиб, тасдиқланди ҳамда ижрога қаратилди.
Июль ойида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 268 та топшириқларидан 43 тасининг ижроси барвақт таъминланди ҳамда қолган топшириқлар ижросини белгиланган муддатларда ва сифатли таъминлаш бўйича барча зарурий чоралар кўрилмоқда.
Вилоятда Президентимизнинг, Президент Администрациясининг ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг июль ойидаги топшириқлари ижросини белгиланган муддатларда ва сифатли таъминлаш бўйича барча зарурий чоралар кўрилмоқда.
Умид Қўшшаев,
Вилоят ҳокимлиги бошқарув аппарати ижро интизоми назорати бўлими бошлиғи
