Бухоро-Зонгшанг: Ҳамкорлик алоқалари кенгаймоқда
2026-07-01 18:25:00 / Янгиликлар

Вилоят ҳокими Ўзбекистон ва Хитой ўртасида барча соҳаларда муносабатлар жадал ривожланиб бораётгани, хитойлик компаниялар билан ҳамкорликда истиқболли лойиҳалар амалга оширилаётганини қайд этди.
Вилоятимизда яратилган қулай инвестицион муҳит натижасида нуфузли компанияларнинг ишончи тобора ошиб, Хитой капитали иштирокида янги корхоналар ишга туширилаётгани таъкидланди. Иқтисодий ҳамда турли йўналишларда алоқаларни янада мустаҳкамлаш учун барча шароитлар яратилаётгани маълум қилинди.
Ўз навбатида Оуян Цзиньчуен Ўзбекистон – Хитой муносабати сўнгги йилларда жадал ривожланаётганини, мамлакатимизда хорижлик инвесторларга қулай шарт-шароит яратилганини, уларнинг ҳуқуқи, манфаати қонун билан кафолатланганини мамнуният билан қайд этди.
Шунингдек, Оуян Цзиньчуен ўз музофотининг географияси, иқтисодиёти, ишлаб чиқариш имконияти, сармоявий ва сайёҳлик салоҳияти ҳақида батафсил маълумот берди.
Мулоқотда Зонгшанг (Zhongshan) шаҳри ва Бухоро вилояти ўртасида ҳамкорликда янги лойиҳалар амалга ошириш, жумладан, хитойлик инвесторларни жалб этиш орқали Бухорода янги ишлаб чиқариш корхоналари очиш масалалари кўриб чиқилди.
-Биз Гуандун провинцияси билан ҳамкорликни янада кенгайтиришга алоҳида аҳамият қаратмоқдамиз. Гуандун инновациялар, юқори технологиялар, саноат, ташқи савдо ва экспорт бўйича Хитойнинг энг илғор ҳудудларидан бири ҳисобланади. Бухоро вилояти эса бой хомашё базаси, қулай инвестиция муҳити, ривожланган саноат зоналари ҳамда Марказий Осиё бозорларига чиқиш имкониятлари билан ишончли ҳамкор бўла олади. Айниқса, Зонгшанг шаҳри билан ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш учун катта имкониятлар мавжуд. Электроника, маиший техника, LED ёритиш ускуналари, тўқимачилик, пиллачилик, жунни қайта ишлаш, биофармацевтика, қишлоқ хўжалиги технологиялари, логистика ва туризм соҳаларида қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга тайёрмиз. Ушбу ҳамкорлик иқтисодий, инвестициявий ва маданий алоқаларни янада мустаҳкамлаб, икки ҳудуд ўртасида узоқ муддатли стратегик шериклик учун мустаҳкам пойдевор яратишига ишонамиз,-деди Ботир Зарипов.
Музокаралар чоғида қатор нуфузли компаниялар вакиллари билан вилоят делегациясининг Хитой сафарида эришилган келишувларини амалга ошириш масалалари бўйича ҳам ўзаро фикр алмашилди.
Учрашув якунида хитойлик компаниялар билан ҳамкорликда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш борасида аниқ чора-тадбирлар белгиланди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати







