Бухоро тумани: Хўжаработ қишлоғида замонавий мактабгача таълим ташкилоти очилди
2026-07-01 11:15:00 / Янгиликлар
“Гулшанобод” маҳалла фуқаролар йиғинида қарийб 30 йилдан буён давлат мактабгача таълим ташкилоти мавжуд эмас, табиийки, бунда яшовчи аҳоли вакиллари, айниқса, ота-оналарнинг жажжи фарзандлари таълим-тарбияси борасидаги ташвишларини ортиқча изоҳлашга ҳожат йўқ.

Маҳалла аҳолиси, ёш оилалар боғча ёшидаги болаларини узоқ ҳудудлардаги масканларга жойлашга ёки улар билан бирга қатнашга мажбур эдилар. Эндиликда уларнинг кўп йиллик орзуси ушалиб, болажонлар учун барча қулайликларга эга замонавий таълим маскани ўз фаолиятини бошлади.
Айни кунда уч мингга яқин аҳоли истиқомат қилаётган Хўжаработ қишлоғида фаолият юритаётган Болалар ва ўсмирлар спорт мактабининг кўп йилдирки, фойдаланилмай келган эски биноси мукаммал таъмирланиб, унинг негизида 30-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти фойдаланишга топширилди.
Давлат муассасаси қурилиш-таъмирлаш ишлари учун маҳаллий бюджет маблағи ҳисобидан 1 миллиард 300 миллион сўм ссуда маблағи йўналтирилди. Бугунга келиб ҳудудда 90 ўринли замонавий мактабгача таълим маскани барпо этилди.
Болалар боғчасида ёруғ ва шинам гуруҳ хоналари шай қилиниб, эртамиз эгалари учун машғулот ва дам олиш хоналари, ошхона ва ётоқхона, ўйин майдончалари, санитария тармоғигача талаб даражасида жиҳозланган, навқирон авлод вакиллари сифатли таълим-тарбия олишлари учун зарур шарт-шароит яратилган. Бу ерда ўнга яқин малакали педагог-тарбиячи болажонларни талаб даражасида тарбиялаш учун жалб қилинган.
Янги ташкил этилган 30-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти келажак эгаларининг билимли, соғлом ва баркамол бўлиб вояга етишида муҳим ўрин тутади. Муассаса очилишида туман ҳокимлиги, мактабгача ва мактаб таълими бўлими масъуллари, жамоатчилик вакиллари, қурувчи ва ота-оналар ҳозир бўлдилар.
Тадбирда сўзга чиққанлар сўнгги йилларда хўжаработликлар турмуш даражаси яхшиланиб бораётгани, ҳар жабҳада янгиланиш ва ривожланиш рўй бераётганидан мамнунликларини билдиришиб, янги андозадаги болалар боғчаси ота-оналар ташвишини аритгани, албатта, бунда тарбияланган болажонлар эрта савод чиқариб, мактаб остонасига тайёр бўлишларини таъкидладилар.
Муассаса рамзий лентаси қирқилгач, тадбирда йиғилганлар иншоотда яратилган қулайликлар билан яқиндан танишдилар.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати






