Жондор: “оғир маҳалла” тоифасидаги 5 та ҳудудда инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда
2026-06-29 10:25:00 / Янгиликлар
Бугунга келиб Жондор туманидаги маҳалла ва қишлоқларда қиймати 233,8 миллиард сўмга тенг қурилиш, мукаммал таъмир, инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда. Шундан 119 миллиард сўм сармоя ҳудудда инвестиция дастури доирасидаги лойиҳаларга сарфланмоқда.

"Соҳил бўйи" лойиҳаси ҳудуддан оқиб ўтган “Зарафшон дарёси” қирғоғини ободонлаштириш, маҳаллий аҳолига ишдан бўш пайтда кўнгилли ҳордиқ чиқариш мақсадида ишлаб чиқилган. Бу туфайли масканда 600 тага яқин иш ўрни яратилиши кўзда тутилган.
Tуман иқтисодий салоҳиятини ошириш, иш ўринларини кўпайтириш, тадбиркорлик муҳитини яхшилаш мақсадида бугунга келиб Жондор туманида барча манбалар ҳисобидан умумий қиймати 233 миллиард сўмга тенг қурилиш, инфратузилма ва инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ишлари тизимли давом эттирилмоқда. Вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Ботир Ахмедов раҳбарлигида ўтказилаётган муҳокамаларда лойиҳалар ижроси манзилли равишда кўриб чиқилиб, масъуллар зиммасига аниқ вазифалар юкланмоқда.
Лойиҳалар таркибида инвестиция дастури доирасидаги йирик қурилиш ва реконструкция ишлари 119 миллиард сўм билан катта улушни ташкил этмоқда. Шунингдек, “драйвер” лойиҳалар қиймати 20 миллиард сўмдан зиёдни, “Янги Ўзбекистон қиёфасидаги маҳалла” дастури 15 миллиард сўм, “Оғир маҳалла” дастури доирасидаги ишлар 15 миллиард сўм, “Ташаббусли бюджет” ва маҳалла бюджети доирасидаги қурилиш-таъмирлаш ва тиклаш ишлари 28 миллиард сўмни, бошқа йўналишдаги чора-тадбирлар учун 35 миллиард сўм доирасида кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Туманда йирик ташаббуслардан бири, “Зарафшон дарёси” қирғоғини ободонлаштиришга қаратилган “Соҳил бўйи” лойиҳасидир. Ушбу лойиҳанинг биринчи босқичида 11,6 миллиард сўм эвазига гидроиншоот ўзани бетонлаштирилган бўлса, иккинчи босқичда 8 миллиард сўмга тенг ишларда сув таъминоти, канализaция, электр тармоқлари, кўприк, йўл инфратузилмаси, дам олиш зоналари ва замонавий ижтимоий иншоотлар барпо этилган.
Лойиҳа доирасида 2 минг метр пиёдалар йўлаги, 96 та ёритиш чироғи, 36 та ўриндиқ ва чиқинди қутиси, воркаут ҳамда болалар майдончалари барпо қилиниб, ҳудуд тўлиқ ободонлаштирилмоқда.
Ҳудудда ярим гектардан зиёд ер майдони хизмат кўрсатиш иншоотлари учун аукцион орқали сотилиб, тадбиркорлик ташаббусларини ривожлантиришга шароит яратилган. Натижада масканда 200 тага яқин тадбиркорлик субъекти ташкил этилиб, 615 та иш ўрни яратилиши мақсад қилинган.
Жумладан, “Зарафшон” МФЙдаги Маҳмуд Таробий кўчасини “24/7” тизимида ривожлантириш бўйича ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Лойиҳанинг биринчи босқичига 528 миллион сўм, иккинчи босқичига эса 3 миллиард сўм йўналтирилиб, кўча инфратузилмаси тўлиқ янгиланган.
Бунда брусчатка ётқизиш, қуёш панелли ёритиш тизимлари ўрнатиш, пандуслар, ўриндиқлар, чиқинди қутилари ва йўл белгиларини жойлаштириш орқали инклюзив ва хавфсиз муҳит яратилгани кўпларни хурсанд қилмоқда. Бу лойиҳа натижасида 90 та янги тадбиркорлик субъекти ва 180 та қўшимча иш ўрни яратилмоқда.
Туманнинг “Намгони” МФЙда 1,5 гектар ер майдонида қурилиш материаллари савдо ва ишлаб чиқариш комплексини барпо этиш ишлари бормоқда. Бу инфратузилма ишлари учун 5 миллиард сўм маблағ ва электр тармоқлари ишини яхшилаш учун 300 миллион сўм ажратилган. Натижада ҳудудда 52 та тадбиркорлик субъекти ва 120 та иш ўрни яратилиши кўзда тутилган.
Худди шундай, “Далмунобод” МФЙда ариқ ва каналлар ўзанини бетонлаштириш орқали 2 минг гектар ер майдонини қайта оборотга киритиш лойиҳаси амалиёти учун 11 миллиард сўмга тенг инвестиция сармояси ажратилган. Бу орқали қишлоқ хўжалигида самарадорликка эришиш ва 450 та иш ўрни яратиш режалаштирилган.
Айни кунда туман миқёсида “оғир маҳалла” тоифасидаги 5 та маҳалла танлаб олиниб, ҳар бирини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш учун қиймати 3 миллиард сўм маблағ ажратилган.
Ҳозиргача бу лойиҳаларнинг 10,3 миллиард сўмлик қисми амалга оширилган бўлса, “Янги Ўзбекистон қиёфасидаги маҳалла” дастури доирасида 3 та маҳаллага моддий қиймати 15 миллиард сўм маблағ ажратилган. Шу кунга қадар бу борада 3,3 миллиард сўмлик қурилиш ишлари бажарилган. Албатта, бу лойиҳалар маҳаллалар ижтимоий-иқтисодий инфратузилмасини яхшилаш, аҳоли турмуш шароитини яхшилашга қаратилгани билан аҳамиятли.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати







