Ромитан: GIZ халқаро вакиллари туманда стратегик ўрганишлар олиб бормоқда
2026-06-27 17:15:00 / Янгиликлар
Германия халқаро ҳамкорлик ташкилоти (GIZ) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти ҳамкорлигида Ромитан туманида амалга оширилаётган “яшил ривожланиш” йўналишидаги ишлар янада фаол босқичга кирмоқда.

Шу муносабат билан куни кеча Германия халқаро ҳамкорлик ташкилоти (GIZ) масъулларидан бир гуруҳи Ромитанда бўлишиб, туман мутасаддилари ва маҳаллий ҳамкор ташкилотлар вакиллари билан мулоқотда бўлдилар. Суҳбатда ҳудуддаги мавжуд иқтисодий салоҳият, инфратузилма имкониятлари ва инвестиция киритиш учун устувор йўналишлар чуқур таҳлил қилинди.
Музокарада асосий эътибор туманни “яшил тамойиллар” асосида ривожлантиришга қаратилди. Бу ёндашув табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, экологияни асраш, энергия тежамкор технологияларни жорий этиш ҳамда барқарор иқтисодий ўсишни таъминлашни ўз ичига олади.
Германиялик вакиллар маҳаллий мутасаддилар билан истиқболли лойиалар юзасидан конструктив тарзда мулоқот қилишиб, ишлаб чиқилган мастер-режаларни амалиётга самарали татбиқ этишга доир ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
Аҳамиятлиси, мазкур режалар туманни келгусида туризм, саноат ва хизмат кўрсатиш соҳаларида замонавий марказлардан бирига айлантиришни кўзда тутади. Аниқроқ айтганда, бу борада пилот лойиҳалар доирасида қуйидаги йўналишлар устувор этиб белгиланган. Яъни, экологик тоза туризм инфратузилмасини ривожлантириш, кичик ва ўрта саноат корхоналарини қўллаб-қувватлаш, хизмат кўрсатиш соҳасини кенгайтириш ва янги бизнес муҳитини яратиш, энергия тежамкор ва инновatsiон технологияларни жорий этиш.
Ўрганишлар натижасида аниқланган инвестицион лойиҳалар яқин ойларда амалга оширилса, туманда янги иш ўринлари яратилиши, аҳоли бандлиги ошиши ҳамда камбағаллик даражасини кескин қисқартириш имкони пайдо бўлади, албатта. Шунингдек, маҳаллий иқтисодиётни диверсификatsiя қилиш орқали туманда тадбиркорлик фаолиятини янада кенгайтириш, ёшлар ва аёллар бандлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилади.
Томонлар ушбу лойиҳаларни босқичма-босқич амалга ошириш, молиявий ва техник ҳамкорликни кучайтириш ҳамда натижадорликни таъминлаш бўйича якдил келишувга эришдилар.
Мазкур ташаббуслар нафақат иқтисодиётни ривожлантириш, балки, Ромитан туманини минтақада барқарор ривожланган ҳудудлардан бирига айлантиришга хизмат қилади.
Мулоқотлар сўнгида хорижий меҳмонлар, GIZ вакиллари яқинда туризм кластери деган мақомга эга бўлган "Bukhara Desert Oasis & Spa" туризм иншоотида бўлишиб, у ерда чет эллик сайёҳлар учун яратилган шарт-шароит билан танишдилар.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









