Пешку: Мудофаа ишлари бўлимининг янги маъмурий биноси очилди
2026-06-27 12:10:00 / Янгиликлар
Пешку туманида ҳам мудофаа ишлари бўлимининг янги маъмурий биноси фойдаланишга топширилди. Шу муносабат билан ташкил қилинган тантанали тадбир давлатимиз мадҳияси билан бошланди.

Тадбирда вилоят ва туман ҳокимлиги мутасаддилари, Жануби-Ғарбий махсус ҳарбий округ қўмондонлиги, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ҳарбий хизматчилар, нуронийлар ҳамда жамоатчилик вакиллари ҳозир бўлдилар.
Жорий йил тумандан муддатли ҳарбий хизматга жўнатилган ва бу шарафли вазифани адо этиб қайтган 1 300 дан ортиқ йигитнинг бандлигини таъминлаш юзасидан тизимли ва манзилли ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада вилоят ҳокимлигининг жорий йил 13 апрелдаги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида хизматни ўтаб қайтган ёшлар бандлигини таъминлашга қаратилган “Ёшлар бандлик дастури” тасдиқланган ва ижрога йўналтирилган. Айни кунда ҳудуддаги 424 нафар профессионал таълим битирувчиси, 262 нафар олий таълим битирувчиси билан ҳарбий хизматга доир тегишли тартибда иш олиб борилмоқда.
Тадбирга келсак, унда вилоят ҳокимининг ўринбосари Азизбек Қаландаров, шунингдек, Жануби-Ғарбий махсус ҳарбий округ қўшинлари қўмондони, полковник Қодиржон Турсунов, жамоатчилик аъзолари, нуронийлар, ҳарбий хизматчилар иштирокида янги бинони фойдаланишга топширилгани рамзи сифатида алвон лента қирқилди.
Маросим қатнашчилари янги бинода яратилган шарт-шароит, хизмат хоналари, ишчи кабинетлар ва мавжуд инфратузилма билан яқиндан танишдилар. Мазкур тадбир мамлакатимиз мудофаа тизимини янада ривожлантириш, соҳа ходимлари учун муносиб хизмат шароитларини яратиш ҳамда ҳарбий-маъмурий тизим самарадорлигини оширишга қаратилган ишлар амалий ифодасидир.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









