Ромитан: Мудофаа ишлари бўлимининг маъмурий ва чақирув пункти бинолари қайта таъмирланди
2026-06-27 11:50:00 / Янгиликлар
Юртимизда мудофаа ишлари бўлимларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, уларда фаолият юритаётган ходимлар учун қулай шарт-шароит яратиш Миллий армиямиз мустаҳкамлигининг асосий омилидир. Шу жумладан, Ромитан тумани Мудофаа ишлари бўлимининг маъмурий ва чақирув пункти биноларини реконструкция қилишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Куни кеча Ромитан тумани Мудофаа бўлими маъмурий биносини фойдаланишга топшириш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда туман ҳокимлиги масъуллари, Жанубий-Ғарбий махсус ҳарбий округ қўшинлар қўмондони, полковник А. Турсунов, меҳнат фахрийлари, ҳарбий хизматчилар, жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.
Таъкидлаш жоизки, бунга қадар туманнинг мудофаа ишлари бўлими биноси таъмирталаб ҳолатда, иш юритиш моддий-техник жиҳатдан мослаштирилган шароитда эди. Бухоро вилояти ҳарбий-маъмурий сектори томонидан ажратилган 820 миллион сўм пул маблағи ҳисобидан туман мудофаа ишлари бўлимининг инфратузилмаси яхшиланди.
Замонавий дизайн асосида қурилган ва аҳолига хизмат кўрсатиш учун барча қулайликларга эга бўлган ушбу бинода навбатчиликни ўташ учун хона, бошқарув пункти, архив, жисмоний ва юридик шахсларни қабул қилиш учун махсус жой ҳамда хизмат хоналаридан иборат жами 27 та хона мебель, компьютер жамланмалари ва бошқа зарур буюмлар билан жиҳозланди.
Тадбир иштирокчилари бинода яратилган қулайликлар билан яқиндан танишдилар. Таъкидланганидек, ёшларнинг армия, ҳарбий-ватанпарварлик тарбия ҳақидаги илк таассуротлари айнан Мудофаа ишлари бўлимларида шаклланади.
Туманда олиб борилаётган бунёдкорлик ишларига ҳамоҳанг тарзда “Армия остонаси” дея эътироф этиладиган барча қулайликларга эга Мудофаа ишлари бўлимининг янги қиёфаси ҳам эндиликда Қуролли Кучлар сафида хизмат қилишга отланган ёшларни ҳарбийликка тайёрлаш ва саралаш каби вазифалардан ташқари, уларда ватанпарварлик, садоқат ва жасорат каби туйғуларни ҳам шакллантирадиган масканга айланади.
Тадбирда ҳозир бўлганлар учун ҳарбий оркестр ва фахрий қоровул томонидан ҳарбий чиқишлар намойиш қилинди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









