“Панжи Файзобод” фермер хўжалигида картошка экишга доир вилоят кўргазмали семинари бўлиб ўтди
2026-06-26 22:10:00 / Янгиликлар

Эндиги вазифа аҳоли дастурхони тўкинлигини таъминлаш мақсадида ғалладан бўшаган майдонда такрорий экинлар, айниқса, картошка экиш ишларига эътибор қаратилмоқда. Бухоро тумани “Шергирон” ҳудудидаги “Панжи Файзобод” фермер хўжалигида бўлиб ўтган вилоят кўргазмали ўқув амалий семинари шу хусусда бўлди.
Қишлоқ хўжалигига тегишли ташкилот ва идоралар масъул мутасаддилари, агрокластерлар вакиллари, фермер ҳамда деҳқон хўжаликлари раҳбарлари қатнашган семинарни вилоят ҳокимининг ўринбосари Амрилло Назаров олиб борди.
Таъкидланганидек, айни кунда вилоят туманларида 2026 йилда 3 мингта фермер хўжалигининг 62 минг гектар, жумладан, 10,7 минг гектар эртаки экинлардан ва 51,3 минг гектар ғалладан бўшайдиган майдонларига такрорий экинлар экиш ҳаракати бошланган.
Жумладан, сабзавот 6,5 минг гектарда, полиз 1,5 минг гектарда, картошка 5 минг гектарда, ловия, мош каби дуккакли ўсимликлар 2 минг гектарда, чорва учун озуқабоп экинлар 32 минг гектар ерда етиштириш кўзда тутилган.
Такрорий экинлар экиладиган майдоннинг 30 минг 722 гектари фермер хўжаликлари ўз эҳтиёжи учун, 21 минг 278 гектари 42,5 минг нафар фермер хўжалиги аъзоларига ва 10 минг гектари 28,2 минг нафар ишсиз фуқаролар (“Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”да рўйхатда турганлар)га ажратилиши белгилаб олинган.
Такрорий экинлар экиладиган майдон учун жами 1 минг 845 тонна уруғлик, 7 минг 390 тонна ёқилғи мойлаш материаллари, 15 минг 872 тонна минерал ўғит ва бошқа моддий ресурслар талаб этилиши ҳисоб-китоб қилинган.
Вилоят туманларида 26 июнь ҳолатида жами 34 минг 617 гектар майдонда такрорий экинлар экилди ва экиш ишлари жадал суръатда олиб борилмоқда. Ҳисоб-китобларга кўра, вилоятда такрорий экинлар экиладиган майдонда жами 1 миллион 176 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилади.
Кўргазмали семинарда вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғининг ўринбосари А. Жаводов, “Ўзагроинспекция” нинг вилоят бошқармаси бошлиғи В. Нарзиев, вилоят ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси бошлиғи О. Мухторов, вилоят Агрохизматлар маркази директори Турғун Усмоновлар маҳаллий шароитга мос, серҳосил навларга мансуб картошка экиш агротехнологияси, ерга тўғри муносабатда бўлиш ва экин парваришига оид фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









