Қоровулбозор: “Истиқлол” фермер хўжалиги фаолиятида яна бир тармоқ очилди
2026-06-26 16:05:00 / Янгиликлар

Мазкур фермер хўжалиги 125 гектар майдонда серҳосил навларга мансуб ғалла етиштириб, ўтган йилги мавсумда 375 тонналик давлат режасини қарийб 100 тонна ортиғи билан бажарган. Жорий йилда ҳам хўжаликда баракали ғалла етиштириш, ҳар гектар ҳосилдорлигини 85 центнерга етказиш мақсад қилинган.
Пахтачилик тармоғида ҳам фаол бўлган хўжалик меҳнаткашлари 100 гектар ер майдонида “Xin Lu Zao-57” навли чигит экиб, ғўза парваришламоқдалар. Давлат шартномасига биноан 216 тонна хом ашё топшириш мажбуриятини олган хўжаликда ҳозирда агротехник тадбирлар талаб даражасида олиб борилмоқда.
— Ўтган йилларда маҳаллий навларга хос уруғ эккандик. Бу йил хорижий нав экиб етиштирдик. Ўтган йилги каби жорий йил ҳосилдорликни биринчи теримдаёқ 50 центнерга етказиш имконияти мавжуд. Бу дегани, режани 200 фоизга етказиб бажармоқчимиз,—дейди фермер.
Такрорий экин ўрнида Ҳасан Рўзиев ўз даласида 2 гектар майдонда пиёз, 1 гектар ерда сабзи ҳам экиб етиштиришда фаол. Пиёздан 40-45 центнер, сабзидан 200 центнергача ҳосил олинаётгани жамоа меҳнаткашлари рўзғори бутлигига ҳисса қўшмоқда. Айни пайтда “Истиқлол” фермер хўжалигида 20 нафардан ортиқ ишчининг доимий бандлиги таъминланган бўлиб, янги тармоқлар йўлга қўйилиши келгусида қўшимча иш ўринлари яратиш имконини ҳам кенгайтиради.
Хўжалик кўп тармоқли фаолияти билан ҳам ажралиб турибди. Унда чорвачилик тармоғи муваффақиятли йўлга қўйилган бўлиб, эндиликда яна бир лойиҳа сифатида паррандачиликни ривожлантириш ишлари жадал бошланган. Шу мақсадда Фарғона вилоятидан 400 бош доминант зотли тухумдор товуқлар келтирилиб, парваришлаш йўлга қўйилгани қувонарли, албатта. Фермер хўжалигида зотдор товуқларни инкубatsiя қилиш орқали кўпайтириш ишлари ҳам ташкил этилган.
—Меҳнатларимиз самараси ўлароқ жорий йилда ғалладан мўл ҳосил йиғиштириб олмоқдамиз. Ҳадемай, мўл ҳосил яратиб, режани ортиғи билан бажариб юзимиз ёруғ бўлишига ишонамиз,—дейди фермер Ҳасан Рўзиев.—Эндиликда даромадимиздан янги техникалар харид қилиш, ишчиларимиз моддий манфаатдорлигини ошириш ҳаракатидамиз. Ғалладан бўшаган майдонларга озуқа экин сифатида маккажўхори ҳамда кечки картошка экмоқдамиз. Бу ҳам хўжалигимиз иқтисодий имкониятларини оширишга ёрдам беради.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









