Олот: “Бўрибек Чандир” маҳалласида бунёдкорлик ишлари жадал бормоқда
2026-06-26 10:40:00 / Янгиликлар
Айни кунда Бўрибек Чандир маҳалласида ҳам кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Маҳаллада аҳоли учун янада қулай шарт-шароитни яратиш, инфратузилмани яхшилаш ва замонавий хизматлар кўламини кенгайтириш мақсадида қатор лойиҳалар ҳаётга тадбиқ этилмоқда.

Жумладан, маҳаллада хизмат кўрсатиш маркази фаолият бошлади. Бу маскан аҳолига турли хизматлардан самарали ва қулай фойдаланиш имкониятини яратиб, фуқароларнинг узоғини яқин қилиб ташвишларини енгиллаштиради.
Лойиҳа доирасида маҳалланинг ички инфратузилмасини яхшилаш бўйича ҳам салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, марказдаги кўчанинг ёнидан 1 минг метр узунликдаги пиёдалар йўлаги (саломатлик йўлаги) барпо этилмоқда. Мазкур лойиҳа учун 300 миллион сўм маблағ йўналтирилган бўлса, яна 2 минг метр масофадаги электр тармоғини шай ҳолга келтириш, линияни янгилаш учун 150 миллион сўм маблағ ажратилган.
Маҳалла кўчаларига 25 дона замонавий тунги ёритиш чироқлари ўрнатилмоқда. Бунинг учун ҳам 150 миллион сўм маблағ сарфланмоқда. Бундан ташқари, ички йўлларни таъмирлаб, асфальтлаштириш ва шағаллаштириш ишлари ҳам босқичма-босқич амалга оширилмоқда.
Айни пайтда ҳудудда қурилиш ва ободонлаштириш ишлари “Келажак омад йўл қурилиш” МЧЖ ишчи-мутахассислари томонидан белгиланган тартибда олиб борилмоқда. Амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари маҳалла аҳлининг кайфиятини кўтариб, уларнинг қалбида шукроналик ва эртанги кунга ишонч туйғуларини янада мустаҳкамламоқда.
Энг муҳими, мазкур лойиҳалар натижасида маҳалла янада обод ва файзли масканга айланиб, аҳолининг турмуш даражаси ва ҳаёт сифати яхшиланмоқда. Бугун Бўрибек Чандир маҳалласида олиб борилаётган улкан бунёдкорлик ишлари юртимизда инсон манфаатлари, аҳоли фаровонлиги ва ҳудудларни комплекс ривожлантиришга қаратилган ислоҳотларнинг амалий натижасидир.
Маҳалла аҳли амалга оширилаётган ишлардан мамнун бўлиб, яратилаётган қулайликлар учун миннатдорлик билдираётганлари эса бунёдкорликнинг теран эътирофидир. Тобора чирой очаётган олис маҳаллада ободлик ва тараққиёт сари одимлар изчил давом этмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати







