Шофиркон: обод маҳаллалар ва замонавий инфратузилма сари катта қадам
2026-06-26 10:00:00 / Янгиликлар

Мазкур дастур доирасида туманнинг ихтисослашуви, географик жойлашуви ҳамда мавжуд инфратузилмавий имкониятларидан келиб чиққан ҳолда “солиштирма устунлик” йўналишларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда чекка туманга 100 миллиард сўм маблағ ажратилди ва бу сармоя ҳисобидан аҳоли ҳаёт сифатини янада яхшилашга қаратилган қатор муҳим лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Жумладан, туманда 5 та мактабгача таълим муассасаси ҳамда 5 та умумтаълим мактаби замонавий талаблар асосида таъмирланиб, модернизация қилинади. Шу билан бирга, спорт заллари янгиланиб, ёшлар учун янада қулай шарт-шароит яратилади. Соғлиқни сақлаш тизимини мустаҳкамлаш мақсадида 5 та оилавий шифокорлик пункти капитал таъмирдан чиқарилади.
Инфратузилмани яхшилаш ишлари ҳам кенг қамровда ташкил этилмоқда. Хусусан, 19 та маҳалланинг ички йўлларидан 24 километр қисми асфальтлаштирилиши, аҳоли хавфсизлиги ва қулайлигини таъминлаш мақсадида пиёдалар йўлаклари қурилиши режалаштирилган. Шунингдек, ҳудуддаги хўжаликлараро ариқларнинг қарийб 5 минг метр масофадаги қисми ўзанини бетонлаштириб, ҳудудни ободонлаштириш ишлари амалга оширилади. Марказий кўчаларнинг замонавий ёритиш тизими билан таъминланиши эса тунги пайтда ҳам аҳоли учун хавфсиз ва шинам муҳит яратишга хизмат қилади.
Туманда амалга оширилаётган диққатга сазовор лойиҳалардан бири — “Бобур” ва “Зарчабек” коллекторлари бўйида соҳилбўйи сайлгоҳларини ташкил этиш ишларидир. Ушбу лойиҳа учун қарийб 8 миллиард сўм маблағ ажратилган бўлиб, айни кунда коллектор ўзанининг 1,2 минг метр қисмида тозалаш ишлари бошлаб юборилган. Кейинги босқичда соҳил ҳудудларига декоратив тошлар терилиб, замонавий ландшафт кўриниши яратилади.
Лойиҳа доирасида 2,2 минг метр узунликда пиёдалар ва велосипед йўлаклари барпо этилади. Шунингдек, 1 минг метр узунликдаги йўл қисми асфальтлаштирилиб, ҳудудга 56 та замонавий тунги ёритиш чироғи ўрнатилади. Ҳозирда қурилиш ишларига 4 та махсус техника жалб қилинган бўлиб, коллекторлар устидан ўтган кабел тармоқлари ва газ қувурларини тартибга келтириш ишлари ҳам олиб борилмоқда.
Яратилаётган соҳилбўйи сайлгоҳлари аҳолининг мазмунли ҳордиқ чиқариши, оилаларнинг хуш вақт ўтказиши ва ёшларнинг бўш вақтини самарали ташкил этиши учун хизмат қилади. Бу ерларда қулай ўриндиқлар, кичик ҳажмдаги фавворалар ва замонавий дам олиш масканлари ташкил этилади. Натижада мазкур ҳудуд нафақат маҳаллий аҳоли, балки меҳмонлар учун ҳам жозибадор масканга айланади.
Туманда амалга оширилаётган бу каби кўламли ишлар “Инсон қадри учун” тамойилининг амалий ифодаси бўлиб, аҳоли турмуш даражасини яхшилаш, замонавий инфратузилмани шакллантириш ва маҳаллаларга янги қиёфа бағишлашга хизмат қилади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати








