Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни тантана қилинди
2026-06-25 21:05:00 / Янгиликлар

Тантанали тадбирда вилоят ҳокимининг табригини вилоят ҳокимининг ўринбосари Бахтиёр Адилов ўқиб эшиттирди ва йиғилганларга ўзининг самимий тилакларини изҳор этди.
Давлатимиз раҳбарининг соҳага алоҳида эътибори натижасида юртимизда сўз эркинлиги ва фикрлар хилма-хиллигига эришиш йўлида кенг имкониятлар очилаётгани, матбуот ва оммавий ахборот воситаларининг жамиятимизда нуфузи тобора ортиб бораётганига алоҳида эътибор қаратилди.
Тарихга назар ташласак, бугун нафақат соҳа ходимлари касб байрами, балки ўзбек матбуотининг 10-мучал тўйи эканлигини кузатишимиз мумкин. Бундан роппа-роса 120 йил муқаддам, айнан 27 июнь санасида жадид боболаримиз жасорати эвазига биринчи ўзбек газетасининг илк сони нашр этилган. Бугунга келиб 2 та телевидение, 2 та радио, 20 дан ортиқ газета, 9 та интернет нашри, 18 та нашриётни ўзида жамлаган Бухоро матбуоти, журналистиканинг бой тажрибалари ҳамда замонавий тенденцияларини бирлаштирган кучли медиа майдонига айлангани қайд этилди.
— Вилоятимизда давлат ва жамоатчилик ташаббусларини янада кенгроқ миқёсда фаол тарғиб этилишида республика телеканаллари ва нашрлари ўз мухбирлари, ижтимоий тармоқ фаоллари беназир ҳисса қўшиб келишмоқда. Буларнинг барчаси, шубҳасиз, соғлом рақобат муҳитини яратиш, фикрлар хилма-хиллигига эришиш, фуқаролик жамиятини ривожлантириш учун мустаҳкам замин бўлмоқда,—деди Бахтиёр Адилов. — Айни кунда вилоятда фаолият кўрсатаётган 50 дан ортиқ оммавий ахборот воситасининг 70 фоиздан ортиғи нодавлат сектор ҳиссасига тўғри келаётгани, хусусий нашрлар, телерадиоканаллар, интернет ресурслари тобора ортиб, улардан фойдаланувчилар сони 1,5 миллионга етгани, ахборот контентларини яратувчилар сафи кенгайиб бораётгани, ҳеч шубҳасиз, вилоятимизнинг медиа соҳасидаги салоҳияти ошиб бораётганлигини кўрсатмоқда.
Шу билан бирга, давлат идоралари ва маҳаллий ҳокимликлар таркибидаги ахборот хизматларининг фаолияти халқ билан мулоқотни кучайтиришга сезиларли таъсир кўрсатмоқда. Жамиятимизда очиқлик ва ошкораликни ривожлантириш, жамоатчилик назоратини ўрнатиш, фуқароларнинг қонуний мурожаатларини ўрганиш борасида оммавий ахборот воситалари ходимларининг ўрни ва таъсири тобора ортиб бораётгани барчамизга яхши маълум.
Тадбирда фахрий журналистларнинг матбуот соҳасидаги кўп йиллик самарали меҳнатлари эътироф этилди. Бу йил юбилей саналари нишонланаётган устоз-журналистларга алоҳида эҳтиром кўрсатилди. Шу қаторда “Бухоронома” ва “Бухарский вестник” газеталари таҳририяти моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун 100 миллион сўмлик сертификат тақдим этилди.
Шунингдек, Бухоро вилоятини ижтимоий-маънавий юксалтириш ишига қўшиб келаётган муносиб ҳиссаси, вилоят ижтимоий ҳаётидаги фаоллиги учун ҳамда 27 июнь—Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан бир гуруҳ матбуот, телевидение, матбаа соҳаси вакиллари, матбуот хизматлари ва интернет нашрлари фаоллари вилоят ҳокимининг ташаккурномаси ва қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Вилоят хушовоз эстрада хонандалари иштирокидаги концерт дастури, куй-қўшиқ ва рақслар касб байрамини нишонлаётган тадбир қатнашчиларига янада кўтаринки кайфият бағишлади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









