Вобкент: Хайрхушдаги 25-сонли мактаб янгича қиёфа касб этмоқда
2026-06-25 18:40:00 / Янгиликлар
Юртимиздаги таълим муассасалари қаторида Вобкент туманидаги умумтаълим мактабларини замонавий талабларга мос равишда янгилаш, уларда таъмирлаш ва қўшимча ўқув биноларини барпо этиш, ўқувчилар учун қулай ва хавфсиз шарт-шароит яратиш борасидаги манзилли саъй-ҳаракат изчил давом этмоқда.

Бу борада республика Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 7 майдаги 300-сонли “Энергия самарадорлигини оширишга қаратилган лойиҳаларни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида “Хайрхуш” маҳалла фуқаролар йиғинидаги 25-сонли умумтаълим мактабида ҳам мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
Лойиҳа доирасида мактаб биносининг энергия тежамкорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, барча синф хоналари ва заллар иссиқликни сақловчи замонавий пол қопламалари билан қопланмоқда, дераза ва эшиклар энергия самарадорлиги юқори бўлган замонавий конструкцияларга алмаштирилмоқда.
Шунингдек, бинонинг ички ва ташқи қисми янгиланиб, таълим маскани замонавий қиёфа касб этмоқда.
Умумий қиймати 8 миллиард 480 миллион сўмни ташкил этувчи мазкур лойиҳа натижасида мактаб ўқувчилари ва ўқитувчи-педагоглари учун янада қулай, замонавий, энергия тежамкор муҳит яратилмоқда. Бу эса туманда таълим сифати, ёш авлод саломатлиги ва улар келажагига қаратилаётган юксак эътиборнинг амалий ифодасидир.
Айни пайтда бунёдкорлик ишлари жадаллик билан давом эттирилмоқда. Таълим маскани мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида, янги ўқув йили бошланишидан олдин мукаммал таъмирланиб, фойдаланишга топширилади.
Янги қиёфа, замонавий шароит ва сифатли таълим сари ташланаётган бу муҳим қадам келажагимиз эгалари бўлган ёшларнинг билим олиши учун янада кенг имкониятлар яратади.
Умуман, айни пайтда туманда 42 та умумтаълим мактаби, 1 та ихтисослаштирилган мактаб ва “Баркамол авлод” болалар мактаби фаолият юритаётган бўлиб, мазкур таълим масканларида таҳсил олаётган жами 22 мингга яқин ўқувчига 2 100 нафардан ортиқ ўқитувчи таълим-тарбия бериб келмоқда. Таъмирталаб ёки икки навбатда таълим дастури йўлга қўйилган умумтаълим мактабларини талаб даражасида қайта қуриш ёки қўшимча ўқув биноларини барпо этишда манзилли лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати








