Халқаро таълим эксперти Стив Кинг Қоракўл академик лицейида...
2026-06-25 17:15:00 / Янгиликлар
Аниқ фанларга ихтисослашган Қоракўл академик лицейининг 35 йиллик фаолиятида эришилган ютуқлар, жумладан, 5 минг нафардан ортиқ битирувчини вояга етказиб, халқ хўжалигига ёш мутахассис сифатида қўшган, республика фан олимпиадаларида 67 та имтиёзли диплом ҳамда халқаро олимпиадаларда 60 та нуфузли медални қўлга киритган таълим даргоҳи мавқеи юксалиб бормоқда.

Якунига етган биргина жжорий ўқув йилини олсак, Қоракўл академик лицейи битирувчиларидан 50 нафари муддатидан олдин 189 ва ундан юқори балл билан юртимиздаги олий таълим даргоҳлари талабалигига тавсия этилгани, 22 нафар ўқувчи олтин медал, 53 нафари кумуш медал билан тақдирлангани, шунингдек, 165 нафар битирувчи имтиёзли диплом соҳибига айлангани катта ютуқ, албатта.
Бу эътироф Бухоро давлат университети тасарруфидаги Қоракўл академик лицейига куни кеча нуфузли халқаро таълим ташкилоти — “Cambridge University Press & Assessment”нинг Европа ва Марказий Осиё бўйича таълим ислоҳотлари раҳбари, халқаро эксперт Стиев Кинг иштирокида ўтган давра суҳбатида ҳам қайд қилинди. Халқаро экспертнинг Қоракўл мактабига ташрифи доирасида академик лицейда “Cambridge University”— Кембридж таълим дастурлари асосида ўқув жараёнини йўлга қўйиш, таълим сифатини халқаро стандартлар даражасига олиб чиқиш, истиқболдаги ҳамкорлик масалаларига эътибор қаратилди.
Самимий ўтган учрашувда лицей ўқувчилари томонидан 1079 та халқаро ва миллий сертификат қўлга киритилгани, китобхонлик танловларида 10 нафар ғолиб етишиб чиққани, 5 нафар ўқувчи “Ректор стипендияси”, 20 нафар ўқувчи эса “Лицейимиз ифтихори” стипендияси совриндори бўлгани қайд этилди. Бундан ташқари, “АIМО” халқаро олимпиадасида 1 та олтин медал қўлга киритилгани ҳам фахр билан тилга олинди.
Халқаро эксперт Стив Кинг академик лицей педагогик жамоаси билан самимий мулоқот олиб борди. Суҳбат жараёнида замонавий таълим методи, халқаро таълим дастурларини жорий этишнинг афзаллиги, ўқувчиларнинг илмий салоҳиятини ривожлантириш, ўқитувчиларнинг касбий маҳоратини ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, меҳмон лицейнинг кимё, биология ва физика фанлари лабораториялари, информатика хоналари ҳамда замонавий жиҳозланган ўқув аудиториялари билан яқиндан танишди. Лицейда яратилган шарт-шароит, ўқувчиларнинг илмий-тадқиқот фаолиятига қаратилган имконият ва бу ерда яратилган таълим жараёни юқори баҳоланди.
Айтиш жоизки, бу ташриф академик лицейда халқаро таълим меъзонларини жорий этиш, Кембридж университети дастурлари асосида таълим бериш ҳамда ўқувчиларнинг глобал миқёсдаги рақобатбардошлигини ошириш йўлидаги муҳим қадамлардан биридир.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати





