Олот: Ҳамроевлар хонадонида ҳам “Cobalt” автомашинаси—сидқидил меҳнат рағбати...
2026-06-24 21:55:00 / Янгиликлар

Дастурхон тўкинлиги, сархил ноз-неъматлар, қолаверса, сариёғ, тухум, гўшт сероблиги ҳам томорқа ери ва ундан келаётган барака ҳисобидан эканлигини чандирликлар ҳам теран тушуниб етишган. Шу боис, машаққатини зиммага олиб, ердан унумли фойдаланиб, турмушини фаровон қилаётганлар сафи маҳаллада кенгайиб бораётгани қувонарли.
Шундай меҳнаткаш хонадонлардан бири—Норқул Ҳамроевлар оиласидир. Кўп йил турли ташкилотларда бухгалтер-ҳисобчи бўлиб фаолият юритган Норқул ота бугун нафақада бўлса-да, томорқачилик ва чорвачилик билан шуғулланиб, меҳнат ва ҳаракатдан тўхтаб қолгани йўқ. Фарзандлари, неваралари кўмагида отахон томорқа ерларидан унумли фойдаланиб, йилига икки-уч маротаба ҳосил етиштирмоқда. Бу сархил маҳсулотлар аввало оила эҳтиёжларини қондирса, ортиғи бозорга чиқарилиб, қўшимча даромад манбаига айланмоқда.
Норқул Ҳамроев “Осиё тараққиёт банки” лойиҳаси асосида амалга оширилаётган “Иқлим ўзгаришларига мослашиш” дастури доирасида барпо қилинган ихчам иссиқхонасида айни мавсумда помидор етиштирмоқда. Ҳозирда иссиқхонада “Ламера Ф-1” навли 400 туп помидор кўчати парвариш қилинмоқда. Ҳар бир тупдан ўртача 4-5 килограммдан, ҳадемай, биргина помидордан 2 тоннадан ошириб ҳосил олинаётгани ҳалол пешона тери самараси, албатта.
Бундан ташқари, томорқада хандалак, қовун, булғор қалампири, ловия етиштириб келинади. Шу билан бирга, оғилхонада ҳам қорамол, сигир-бузоқ, қўй-эчки ва парранда парваришланаётгани бир оила дастурхони тўкинлигини, турмуши бадастирлигини таъминлабгина қолмай, қўшимча даромад ҳам келтирмоқда.
Кўп йиллик меҳнат ва томорқадан олинаётган барқарор даромад туфайли Ҳамроевлар оиласи яқинда ўз орзуларидан бирини рўёбга чиқарди. Оила томорқа ва чорвачиликдан қўлга киритилган даромад ҳисобидан янги “Cоbalт” автомобилини харид қилган. Бу эса ерга меҳр қўйган инсоннинг меҳнати шубҳасиз, ўз самарасини бериши далолатидир.
—Томорқасини обод қилиб, ҳосил етиштирган одам борки, ҳеч қачон кам бўлмайди. Сидқидил меҳнат кишини улуғлайди, орзу-ҳавасга етиштиради,—дейди Норқул ота.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









