Олот: “Аёл қадри—жамият таянчи”
2026-06-24 17:50:00 / Янгиликлар
Олот туманида “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар учун бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси, даромад воситаси—меҳнат дастгоҳи ва -ускуналари кўргазмаси, саломатлигига бефарқ бўлмаган аёллар учун тиббий кўрик, психологик ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатишга доир тадбир бўлиб ўтди.

“Аёллар дафтари”нинг 7-босқичини ташкил этиш бўйича вилоят Штаби раҳбари Шавкат Жавлонов, Олот тумани ҳокими Наргиза Неъматова ҳамда тегишли идора ва ташкилотлар ҳамкорлигида туман “Маънавият ва маърифат маркази”да ташкиллаштирилган мазкур тадбир “Аёл қадри—жамият таянчи” деб номланди.
Тадбир доирасида “Аёллар дафтари”нинг 7-босқичига киритилган хотин-қизлар ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш, уларни касб-ҳунарга ўқитиш, бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка кенг жалб қилиш ҳамда соғлиқ ва ҳуқуқий ҳимоясини мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Аёлларни қўллаб-қувватлаш орқали уларнинг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш, оилавий фаровонликни ошириш, ижтимоий фаоллигини кучайтириш устувор вазифа сифатида этироф этилди.
Аниқроқ айтганда, тадбирда ижтимоий аҳволига кўра “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларнинг 82 нафари бўш иш ўринлари билан танишиб, тиббий кўрикдан ўтишди. Улар “Аёллар дафтари”нинг 2-тоифасига киритилган хотин-қизларга бериладиган имтиёзли кредит маблағи асосида ўзини ўзи банд қилиш, тадбиркорлик билан шуғулланиш истагидаги хотин-қизларга кўрсатиладиган хизмат турлари билан танишдилар.
Тадбирда 42 нафар хотин-қизга тиббий-психологик, 55 нафар хотин-қизга ҳуқуқий ёрдам бериш бўйича тушунтириш ишлари олиб борилиб, улар ташвиш-муаммосини ҳал қилишга доир чора-тадбир, шунингдек, тадбиркорликни бошлаш истагида бўлган хотин-қизларга молиявий, амалий кўмак кўрсатишга доир аниқ механизмлар белгиланди.
“Аёллар дафтари”нинг 7-босқичини ташкил этиш бўйича вилоят Штаби раҳбари Шавкат Жавлонов ва туман ҳокими Наргиза Неъматовалар тадбирда қатнашган маҳаллий аҳоли вакиллари, ижтимоий муҳофазага олинган аёллар билан мулоқот қилишиб, улар мурожаатларини ҳал қилиш чора-тадбирини белгиладилар.
Якунда “Аёллар дафтари”дан кам таъминланган оила сифатида моддий ёрдам олган, кейинчалик ўз тадбиркорлигини йўлга қўйиб, оиласи доимий даромад манбаига эришган, касб-ҳунарни ўрганиб, уни юқори даражада йўлга қўйган ташаббускор хотин-қизларга туман ҳокимининг ташаккурномаси ва қимматбаҳо совғалари топширилди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









