Когон тумани: “Chun fenli сapital group” компанияси вакиллари билан ҳамкорлик келишувига эришилди
2026-06-24 10:55:00 / Янгиликлар

Хитойлик сармоядорлар гуруҳи темирйўлчилар туманида йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, замонавий ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш, илғор технологияларни жорий этиш истиқболларини ўрганди.
“Chunfenli сapital group” компанияси вакиллари туман ҳокимлиги, маҳаллий тадбиркорлар билан учрашув ва мулоқотда
ҳудуднинг иқтисодий имкониятлари, мавжуд саноат инфратузилмаси ва инвесторлар учун яратилган қулай шарт-шароит ҳақида батафсил маълумотга эга бўлдилар.
Шунингдек, ҳудудда хитойлик сармоядорлар ҳамкорлигида янги ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этиш, экспорт салоҳиятини ошириш ва саноат кооперaциясини ривожлантиришга қаратилган истиқболли лойиҳалар муҳокама қилинди.
Хорижий делегaция аъзолари “China Xiang Yang Group So Ltd” хорижий корхонасида бўлиб, гофра картон қоғози ишлаб чиқариш жараёни, корхонада қўлланилаётган замонавий технологиялар ҳамда ишлаб чиқариш қувватлари билан яқиндан танишдилар. Меҳмонларга корхона фаолияти, маҳсулот сифати ва бозор талаблари асосида йўлга қўйилган ишлаб чиқариш тизими ҳақида батафсил маълумот берилди.
Шундан сўнг хитойлик инвесторлар “Бухоро саноатни ривожлантириш комплекси” махсус саноат паркида бўлиб, бунда тадбиркорлик субъектлари учун яратилган қулай бизнес муҳити, мавжуд инфратузилма, логистика имкониятлари, солиқ ва божхона имтиёзлари, сармоядорларни қўллаб-қувватлаш механизмлари билан танишдилар. Мутасаддилар томонидан саноат паркида амалга оширилаётган лойиҳалар, истиқболдаги ривожланиш режалари ва янги инвестиция ташаббуслари юзасидан тақдимот ўтказилди.
Томонлар инвестициявий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш орқали янги иш ўринлари яратиш ва ҳудуд саноат салоҳиятини янада ривожлантириш борасидаги истиқболли режалар юзасидан фикр алмашдилар.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









